Тошкент туманидаги ДХХ чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмларининг бирида Тошкент вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси Кенгаши томонидан маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
— Халқимиз осойишталигини муҳофаза этиб, хизмат бурчини бажариш чоғида фидойилик намунасини кўрсатаётган ҳарбий хизматчилар чин маънодаги фахримиздир, – дейди Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари Бирлашмаси Кенгаши раиси Муроджон Носиров. – Вазифаларини сидқидилдан бажараётган Ватан ҳимоячиларига ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш асосий вазифаларимиздандир.
Тадбирда 30 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар ва хизмат бурчини ўташ чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган Иномжон Ибрагимовнинг ота-онасига Бирлашма кенгаши томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
— Ҳарбий хизматчилар ижтимоий ҳимояси йўлида қатор ишларни олиб боряпмиз, – дейди подполковник Алижон Ҳайитов. – Бурчини фаол бажараётганларни рағбатлантириш, тақдирлаш, уларнинг маънавиятини юксалтириш, оила-аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида ҳам муайян ишлар йўлга қўйилган.
— Ёшлигимдан ҳарбий хизматчи бўлишни астойдил истаганман, – дейди кичик сержант Хурсанд Худойберганов. – Ниятга кўп нарса боғлиқ экан. Мана, истагим амалга ошиб, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлашдек шарафли бурчни ўтаяпман.
Ўзбек Миллий академик драма театри, Муқимий номидаги ўзбек давлат мусиқали театри актёрлари, вилоят маданият ишлари бошқармаси хонандалари ижросидаги дилтортар куй-қўшиқлар, шоир Ҳаёт Шодмон ўқиган шеърлар тадбирга ўзгача руҳ бағишлади.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: