Юртимизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш, аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида, 2018 йилнинг март ойида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5368-сонли Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонда белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида бугунги кунда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида аҳолининг кенг қатламларини спорт билан шуғулланишга ва соғлом турмуш тарзини юритишга жалб этиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт ташкилотлари, объектлари ва иншоотларининг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.
Касаба уюшмалари тизимида ҳам жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари орасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг жисмоний тарбия ва оммавий спортни ривожлантириш Концепцияси ишлаб чиқилиб, касаба уюшмалари томонидан корхона, ташкилот, муассасаларда оммавий спортни тарғиб этиш, турли спорт мусобақаларини мунтазам ташкил қилиш орқали меҳнаткашларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, меҳнат самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар амалга оширилмоқда.
Айниқса корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида ходимлар гимнастикасини ташкил этиш орқали уларнинг саломатлигини яхшилаш, гиподинамия (камҳаракатлик) туфайли юзага келувчи турли касалликлардан сақланишига кўмаклашиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 13 декабрь куни Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт — соғломлаштириш ишлари бошқармаси томонидан “Максам-Чирчик” АЖ базасида корхона, ташкилотларда бошланғич касаба уюшма қўмиталари томонидан оммавий спортни ривожлантириш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишларни тарғиб этиш бўйича ўқув семинари ўтказилди.
Семинарда Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт — соғломлаштириш ишлари бошқармаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги вакиллари, Тошкент вилояти ҳудудидаги йирик корхона, ташкилотларнинг касаба уюшма қўмиталари раислари, тармоқларнинг туман, шаҳар Кенгашлари раислари иштирок этди.
Семинар давомида иштирокчилар “Максам-Чирчик” акциядорлик жамиятининг бошланғич касаба уюшма кўмитаси томонидан корхонада оммавий спортни ривожантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги Жисмоний тарбия ва спорт — соғломлаштириш ишлари бошқармаси фаолияти, унинг келгуси режалари, касаба уюшмалари томонидан спортнинг оммавийлигини ривожлантириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар тўғрисида тегишли маълумотларга эга бўлишди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: