Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари “Чирчиқ” полигонида йиғин ўтказди

Viloyat yangiliklari

Тошкент ҳарбий округининг “Чирчиқ” дала-ўқув майдонида 25 ноябрдан 28 ноябрга қадар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари иштирокида йиғин ўтказилди.

Эслатиб ўтамиз, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, корхона, муассаса, ташкилотлар катта-кичик раҳбарларининг мудофаа соҳасидаги иштирокига Ўзбекистон Президенти 2017 йили Самарқандда ўтказилган видеоселектор йиғилишида танқидий баҳо берганди.

Муаммога ечим сифатида 2017 йил 12 декабрда Президентнинг ҳарбий-маъмурий секторлар хусусида фармони имзоланди. Бўлиб ўтган йиғин шу маънода ҳам муҳим ва долзарб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойишига кўра, жорий йилдан бошлаб Мудофаа вазирлигининг ҳарбий қисмларида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа давлат ташкилотлари раҳбарларининг йиллик йиғилиши ўтказилиши белгиланди.

Фармойишда таъкидланишича, қисқа муддат ичида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий бошқарув органлари ва бошқа давлат ташкилотлари томонидан мамлакат мудофаа қобилиятини такомиллаштиришга қаратилган катта ишлар амалга оширилган. Қуролли Кучлар фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, мамлакат мудофаа соҳасида давлат сиёсатини шакллантиришда фуқаролик ва нодавлат нотижорат институтлар, бошқа ташкилотларни кенг жалб қилишнинг самарали механизмлари ишлаб чиқилди ва амалга оширилмоқда.

Ўтказилган йиғинда вазирлар, уларнинг ўринбосарлари, ҳокимлар ва бошқа даражадаги раҳбарларга Ўзбекистон Президентининг 2018 йилнинг 4 августида имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қароридан, Мудофаа доктринасидан, минтақадаги ҳарбий-сиёсий вазиятдан келиб чиқадиган вазифалар бўйича маърузалар ўқилди.

Шунингдек, малакали ҳарбий мутахассислар мамлакат мудофаа салоҳиятини оширишда зарур бўлган кўплаб йўналишлар бўйича чиқишлар қилди. Амалий ҳарбий машғулотлар, миллий армиямиз қурол-аслаҳаси, ҳарбий техника намойишида иштирок этди. Хуллас, раҳбар ходимлар полигонда, ҳарбий ҳаёт ичида тўрт кун яшаб, назарий ва амалий машғулотларни кузатди, турли қурол намуналаридан амалда ўқ отишди.

28 ноябрь куни эрталаб Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-майёр Абдусалом Азизов йиғин ёпилишига бағишланган тадбирда иштирокчиларга тантанали равишда сертификатлар топширди.

Print Friendly, PDF & Email