Тошкент вилояти ҳокимлигида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди

Viloyat yangiliklari

     Тошкент вилояти ҳокимлигида вилоят ҳокими ва унинг ўринбосарлари, прокуратура, ички ишлар, солиқ идоралари ҳамда бошқа давлат ва жамоатчилик ташкилотлари вакиллари, масъул раҳбар ва ходимлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда давлат раҳбари ташаббуси билан ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан кўрилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар халқнинг осойишта, фаровон ҳаётини таъминлаш, ҳуқуқий маданиятини оширишда юксак самаралар бераётгани таъкидланди. Вилоятда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш натижалари юзасидан маърузалар тингланди.

       Жумладан, «Тошкент вилоятининг шаҳар-туманлари ҳудудларида ҳамкорликдаги «Ҳуқуқбузарлик ва жиноятдан ҳоли ҳудуд» комплекс чора-тадбирларини амалга ошириш тўғрисида»ги Қўшма қарорга асосан, 2018 йилнинг 25 ноябрь кунидан 25 декабрь кунига қадар вилоят ҳудудида «Ҳуқуқбузарлик ва жиноятдан ҳоли ҳудуд» ойлиги ўтказилиши, бу борада вилоят шаҳар-туманларида секторлар кесимида ҳар бир хонадонларни ўрганиш, фуқароларнинг шарт-шароитлари билан танишиб, муаммоларини аниқлаш ҳамда сектор раҳбарлари ва тегишли органлар томонидан ечимини топтириш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.

Шунингдек, нотинч, ноқобил оилаларга мураббий бириктириш ва улар билан профилактик суҳбатлар ўтказиш, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида профилактик тадбирларнинг самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳокимлик вакиллари, Хотин-қизлар қўмиталари, «Нуронийлар» жамғармаси, Ёшлар иттифоқи фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Бандликка кўмаклашиш маркази, тиббиёт бирлашмаси, профилактика инспекторлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамжиҳатликда амалга оширилиши лозим бўлган аниқ ва тизимли тадбирлар белгилаб берилди.

Print Friendly, PDF & Email