Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан 28 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги «Ўқув маркази»да 1-октябрь “Устоз ва мураббийлар куни» муносабати билан «Таъзим сизга, азиз устозлар!” байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирни Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раиси Муроджон Носиров очиб берди.
Бугун замонавий билим ва касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган минг-минглаб фарзандларимиз камолида устоз ва мураббийларнинг беқиёс ҳиссаси бор. Шунинг учун ҳам устоз мураббийларнинг улуғ хизматлари юксак қадрланади.
Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Айни шу мақсадда ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита таълим-тарбия соҳасига дахлдор бўлган 70 дан ортиқ фармон, қарор ва фармойишлари қабул қилинганини таъкидлаш ўринлидир.
Бугунги кунда замон талаби ва халқимизнинг хоҳиш истакларидан келиб чиққан ҳолда, таълим тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Устоз деганда дастлаб қадрдон мактаб, ҳарф ўргатган меҳрибон устозлар кўз олдимизда намоён бўлади. Устоз, муаллим деганда, ҳар қандай инсон кўнглида чуқур ҳурмат-эҳтиром, чексиз миннатдорчилик туйғулари, шу билан бирга ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб, адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси пайдо бўлади.
Устоз мақоми отанинг мақомига тенг қўйиб келинган ва халқимизда “Устоз–отангдек улуғ” деган нақл бежиз тилга олинмаган. Чунки ота фарзандини кўпроқ моддий томондан таъминласа, устоз эса уни маънавий‑ахлоқий жиҳатларининг шаклланишига, тарбиясига таъсир кўрсатади. Шундай мақому шарафга эга бўлган устозлар мурғак қалбларга зиё улашади, уларни маънавий юксалиш сари етаклайди, етук, баркамол шахс бўлишига замин яратади.
Мазкур тадбирда Тошкент вилоятида кўп йиллар давомида фаолият олиб борган, баркамол авлодни тарбиялашда ўзининг улкан ҳиссасини қўшаётган 22 нафар туман, шаҳар таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмалари Кенгаши раислари, шунингдек интеллектуал салохиятга эга бўлган кадрларни тайёрлашда фидокорона хизмат кўрсатган 30 нафардан ортиқ фахрий устозлар Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан моддий ва маънавий рағбатлантирилди. Шоир ва ёзувчиларнинг чиқишлари байрамга янада кўрк бағишлади.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: