Жорий йилнинг ёз мавсумида болаларни оромгоҳларда дам олдириш ва соғломлаштириш ишлари ҳудудий Мувофиқлаштирувчи гуруҳи, мутасадди корхона, идора ва ташкилотлар томонидан ўзаро ҳамжиҳатликда уюшқоқлик билан ташкил этилди.
Мавсум давомида вилоят бўйича жами 179 та оромгоҳда 35 минг нафардан ортиқ болани соғломлаштирилишига эришилди (режа 33 492 нафар).
Вилоятдаги корхона ва ташкилотлардаги 10 та “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳларида ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг 700 нафари учун амалиёт билан биргаликда дам олиши ташкил этилди.
“Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан оромгоҳларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини, ота-она қаровисиз қолган, ногирон болаларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратилиб, уларнинг 3697 нафари бепул ва имтиёзли равишда дам олдирилди (622 нафари кам таъминланган оила фарзандлари жамоа шартномалари, келишувлари орқали, 1040 нафар Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, 275 нафар ногирон болалар ҳомийлар, 1760 нафари Оролбўйи минтақаси болалари давлат бюджети ҳисобидан). Халқ таълими бошқармаси раҳбарлигидаги “Оромгоҳларда таълим-тарбиявий ишларни ташкил этиш, уларни малакали педагог ва етакчилар билан таъминлаш” бўйича Ишчи гуруҳи томонидан оромгоҳлар 4700 нафардан ортиқ педагог кадрлар билан таъминланиб, улар томонидан оромгоҳларда болалар билан таълим — тарбиявий ишлар амалга оширилди.
Болаларнинг қизиқишларини инобатга олиб, мавсум давомида 22 та ихтисослашган (интеллектуал ривожлантириш, меҳнат ва дам олиш, ҳарбий-спорт, экологик-биологик, ўлкашунослик, техник ижодкорлик, бадиий ижодиёт, ижтимоий мослашув) оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди.
Барча оромгоҳларда кутубхоналар фаолияти ташкил этилиб, улар болаларнинг ёшига мос адабиётлар, газета ва журналлар билан таъминланди. Шунингдек оромгоҳларда болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида чет тилларини ўрганиш, “Моҳир қўллар”, “Бисер тўқиш”, “Расм чизиш”, “Рақс” ва бошқа йўналишдаги ижодий, спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Соғликни сақлаш бошқармаси раҳбарлигидаги “Болаларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, оромгоҳларда озиқ-овқат маҳсулотлари сифатини санитария-гигиена талабларига риоя этилишини назорат қилиш” бўйича Ишчи гуруҳи томонидан оромгоҳларга 390 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлар ва ДСНЭМ мутахассислари бириктирилиб, мавсум давомида улар томонидан болаларга сифатли тиббий хизмат кўрсатилди.
Барча оромгоҳлар зарур дори-дармонлар, илон ва қорақурт заҳрига қарши зардоблар билан таъминланди ва оромгоҳларда тайёрланаётган овқатлар, ичимлик суви сифати мунтазам назорат қилиниб, уларга “Тез тиббий ёрдам” кўрсатиш машиналари бириктирилди ва малакали тиббиёт ходимларининг туну-кун навбатчилиги ташкил этилди. Мунтазам равишда болалар ўртасида “Юқумли ичак касалликлари”, “Вирусли гепатит” каби касалликларни олдини олиш, “Соғлом овқатланиш” каби мавзуларида турли савол-жавоблар, давра суҳбатлари, семинарлар, викториналар ўтказилди. Мавсум давомида 3 минг 200 нафар бола тиббиёт хоналарига мурожаат қилган бўлиб, уларнинг барчасига жойида тиббий ёрдам кўрсатилди. Болалар ўртасида овқатдан захарланиш ва гуруҳли юқумли касалликлар қайд этилмади. Маданият бошқармаси раҳбарлигидаги “Болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш, уларга маданий хизмат кўрсатишни ташкил этиш” бўйича Ишчи гуруҳи томонидан бир қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “2018 йил ёзги болалар оромгоҳларида болаларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш ҳамда уларга маданий хизмат кўрсатишни ташкил этиш бўйича” ишлаб чиқилган Манзилли Дастур асосида ҳар бир оромгоҳда турли тадбирлар, театр, ижодий жамоалар, санъаткор ва шоир-ёзувчилар билан учрашувлар ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллигини кўтаринки руҳда ташкил этиш мақсадида оромгоҳларда “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида маданий-маърифий кечалар, учрашувлар, концерт дастурлари, спорт-соғломлаштириш тадбирлари ташкил этилди.
Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарлигидаги “Оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, алоқа, транспорт хизмати ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, фавқулодда вазиятлар бўйича профилактик тадбирлар ўтказиш” бўйича Ишчи гуруҳи томонидан оромгоҳларни қўриқлаш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш ишларига 320 нафардан ортиқ ички ишлар идоралари ходимлари жалб этилди.
Ёзги дам олиш оромгоҳларига болаларни олиб бориш ва олиб келиш ишлари давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари кузатуви остида амалга оширилди.
Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш мақсадида оромгоҳларда ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ташкил этилиб, болалар ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоида ва талабларини кенг тарғиб этиш бўйича профилактик ишлар амалга оширилди.
Мавсумни юқори савияда ташкил этиш бўйича вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан 2 маротаба ички селектор йиғилишлари ўтказилиб, мавсум жараёни муҳокама этилди. Шунингдек, ҳар сменада оромгоҳларга чиқилиб, соғломлаштириш жараёни ўрганилди ва тавсиялар берилди.
Бундан ташқари Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси қошида туну-кун ишлайдиган Вилоят штаби фаолияти йўлга қўйилиб, мавсум жараёни доимий назорат остида ташкил этилди.
Жорий йилда оромгоҳларнинг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилиб, 2018 йилги оромгоҳларни қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш бўйича Манзилли дастурга мувофиқ “Олмалиқ кон металлургия комбинати” АЖ га қарашли “Гулзор” оромгоҳи янгидан қурилиб, “Нефт-газ, кимё ва машинасозлик заводи” ОАЖ га қарашли “Хумо”, “Максам-Чирчиқ” АЖ га қарашли “Кимёгар”, ҳамда “Меҳржон” МЧЖ га қарашли “Меҳржон” болалар соғломлаштириш оромгоҳлари реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди.
Бугунги кунда жорий йилги мавсумни уюшқоқлик билан, кўтаринки руҳда ўтказишда фаоллик кўрсатган ходимлар ва ташкилотчиларни рағбатлантириш мақсадида ўтказиладиган Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчиларининг Анжуманига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: