Санъат ҳар қандай кишини ўзига мафтун эта олувчи жозибага эга. Ҳеч бир инсон унинг сирли-сеҳрли оҳанрабосидан ўзини четга ололмайди, ҳатто санъатга дахли бўлмаган касб-кор эгаларининг сийратида ҳам куй-қўшиқ ёки рақсга нисбатан юксак меҳр яшайди, баъзан эса иқтидор бўй кўрсатади. Иқтидорлиларни юзага чиқариш учун, албатта имконият зарур. Ана шу имкониятни яратиб, ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, бадиий ҳаваскорликни кенг тарғиб этиш мақсадида Тошкент вилояти касаба уюшма бирлашмалари кенгаши томонидан вилоят меҳнаткашлари ўртасида «Санъатим сенга, обод юртим!» мавзуcида кўрик- танлов ташкил этилди.
Танлов икки йилда бир марта ягона ҳудудий босқичда ўтказилади. “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” АЖ Маданият саройида бўлиб ўтган навбатдаги беллашув ҳам мумтоз ва ўзбек бастакорлари томонидан яратилган куй-қўшиқ ва рақснинг маҳоратли ижрочиларини кашф этди.
Мазкур ижодий кўрик-танловнинг мақсади меҳнаткашларнинг бўш вақтларини сермазмун ўтказиш, улар ўртасида бадиий ҳаваскорлик ижодиётини, миллий қадриятларимизга бўлган муносабатларни ривожлантириш, юрт ободлиги ва фаровонлигини, истиқлолимизга шукроналик туйғуларини мадҳ этиш, меҳнат жамоаларидаги санъатга иштиёқманд бўлган, иқтидорли ишчи-ходимларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, бадиий ҳаваскорликни кенг тарғиб этишдан иборат.
Ҳаваскорлар қуйидаги йўналишлар бўйича ўз дастурлари билан танловда иштирок этдилар:
Анъанавий ижрочилик;
Эстрада қўшиқчилиги;
Чолғу ижрочилиги;
Рақс ижрочилиги.
– Тошкент тумани 19-умумтаълим мактабида ўқитувчиман, санъатга ҳеч қандай алоқам бўлмаса-да, рақсга нисбатан иштиёқим баланд, – изоҳ берди Гулсара Қосимова. – Бу хабарни эшитиб, ўзим ёқтирган халқ куйига айтилган «Париваш» қўшиғига рақс саҳналаштириб, ижро этишга киришдим. Кўрганингиз – ўзимнинг ижодим.
– Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли стадионда боғбонман,– дейди чолғу ижрочилиги йўналиши бўйича биринчи даражали диплом соҳиби Қаҳрамон Мўминов, – зарбли чолғуда куй чалишга ишқивозман, бўш вақтларимда мусиқа чалиб дам оламан. Бу машғулот кундалик ишимга яхши кайфият билан чиқишга ёрдам беради.
Анъанавий ижрочилик йўналишида биринчи ўринни эгаллаган Раъно Хамидова.
Эстрада йўналишида биринчи ўринни Ёдгорбек Холдоров эгаллаган бўлса, рақс ижрочилигида Шерзод Омаров ва Юля Булановага ғолиблик насиб этди. Иштирокчилар орасида ўқитувчилар, шифокорлар, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, Бекобод шаҳридаги “Узметкомбинат” АЖнинг ишчи-ходимлари фаол иштирок этиб, томошабинлар олқишига сазовор бўлишди.
Танлов ғолибларига вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг қимматбаҳо совғалари ва дипломлари тақдим этилди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: