ЎЗБЕКИСТОН-БАХТИЁР БОЛАЛАР МАМЛАКАТИ

Yangiliklar

    Эртамиз давомчилари бўлган бугунги ёш авлод давлатимиз эътибори, она халқи- мизнинг нурли умиди тафтидан баҳра олиб, ҳеч кимдан кам бўлмай камол топмоқда. Шу кунларда юртимизнинг соя-салқин, сўлим ва хушманзара манзилларидаги ёзги оромгохларда бўлган киши бунга яна бир карра амин бўлиши шубҳасиз.

  Ёш авлодни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб келмоқда. Эртамиз давомчиларининг муносиб шарт-шароитларда ўқиб-ўрганиши, спорт билан шуҳулланиши, касб-ҳунар эгаллаши, бир сўз билан айтганда, ҳеч кимдан кам бўлмай камол топиши учун кенг ва беқиёс имкониятлар яратилган.

   Ҳар йили вилоятимиздаги оромгоҳларда Оролбўйи ҳудудидан келган болажонларнинг мазмунли ҳордиқ олишларини ташкил этиш хайрли анъанага айланган. Бу мавсумда ҳам Хоразм вилояти ва Қорақалпоҳистон Республикасидан 1 минг 760 нафар болажонлар 3-мавсумда ёзги таътилни бетакрор табиатимиздан баҳра олиб ўтказадилар. Бунинг учун аввалдан етарли тайёргарлик кўрилиб, барча шароитлар муҳайё қилинган.

Бўстонлиқ туманининг Юсуфхона қишлоғидаги “Ёшлик” оромгоҳи вилоятдаги энг зукко ва билимга чанқоқ болажонларнинг севимли масканига айланган.

     -Бу мавсумда оромгоҳимизда тегишли йўлланмалар асосида 1 минг 800 нафарга яқин кичкинтойлар ҳордиқ олиб, ўз саломатликларини тиклаб қайтишларига эришишни режа қилганмиз,-дейди муассаса раҳбари Шоали Аҳмеджанов. – Соя-салқин, кўм-кўк дарахтзорлар қўйнидаги оромгоҳимизда бу йил ҳам мавсумни пухта ҳозирлик билан бошлаб олдик. Айни пайтда болажонларимизнинг интелектуал қобилиятини юксалтиришга қаратилган 10 дан ортиқ тўгараклар фаолиятини йўлга қўйганмиз. Кун ора маънавий-маърифий йўналишдаги тадбирларни тизимли равишда ўтказиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Мана, куни кеча ҳам пойтахтдан ташриф буюрган “Жайхун” театр жамоаси дилюандларимизга қувонч улашди. Бундай маърифий дастурлар болажонлар дунёқарашини кенгаётириш, интелектуал салоҳиятини бойитиш баробарида мурғак дилларда ватанпарварлик, мардлик ва шижоат, меҳр-оқибат каби соф инсоний туйғуларнинг камол топишига хизмат қилади.

  Дарҳақиқат, стационар шароитдаги ҳордиқ масканларидаги маънавий-маърифий таждбирлар мавсумга алоҳида шукуҳ ва жозиба бағишлаши шубҳасиз. Шу кунларда вилоятимиздаги ана шундай муассасаларда дам олаётган болажонлар аввалдан ишлаб чиқилган дастурга мувофиқ, кўплаб бадиий-мусиқий тадбирлар, қизиқарли ижодий учрашувларнинг гувоҳи ва иштирокчиси бўлишмоқда. Уларда санъат усталари, иқтидорли ижрочи ёшлар, таниқли олимлар, моҳир ёзувчи ва шоирлар қатнашишаётир. Куни кеча Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир бошчилигида келган бир гуруҳ ижодкорлар билан оромгоҳ кутубхонасида жуда эсда қоларли учрашув бўлиб ўтди. Айниқса, шоир Ботир Эргашнинг жаҳон чемпионатига чиқа олмаган футболчиларимизни юмор тиғига олиб ёзган шеъри барчага бирдек хушкайфият улашди. “Менинг жонажон Ватаним Ўзбекистон – бахтиёр болалар мамлакатидир! Тўғри, футбол бўйича жаҳон чемпионатида бизнинг жамоамиз қатнашаётгани йўқ. Лекин, бахтиёр болалик бўйича жаҳон чемпионати ўтказилса, биз унда, албатта чемпион бўламиз!.. ”

 

 

Print Friendly, PDF & Email