Мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз эътиборида

Yangiliklar

     Мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

       Мазкур жараёнда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси юзасидан касаба уюшмалари томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, барча ҳудудларда кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ҳамда уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди.

      Шу мақсадда Касаба уюшмалари томонидан вилоятда маиший шароитини яхшилашга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган, ногирон оила аъзоларини парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, касалманд оила аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, уларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун махсус сертификатлар, дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозларини топширмоқдалар.

      Тошкент вилояти бўйича 2017 йил 220 та хонадон таъмирдан чиқарилди, 132 бемор соғлиги тикланди, 2442 нафар эҳтиёжманд оилалар маиший техника билан, чекка ҳудудда яшовчи 753 та хонадонга газ плита ва газ балонлари етказилди. 2018 йилда бу кўрсаткичлар сезиларли даражада ошди. 550 та хонадон таъмирдан чиқарилиши, 132 нафар беморни соғлиги тикланиши режалаштирилиб, 1540 нафар этиёжманд оилаларга газ плита 1335 нафар оилаларга газ балон ва редукторлар берилмоқда.

    Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Паркент туманида ўтказилди. 2017 йил давомида 10 та уй таъмирдан чиқарилди, 6 нафар аҳоли саломатлиги тикланди. Аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб 111 нафар эҳтиёжмандларга маиший техника, 60 нафар оилаларга газ плиталар берилган бўлиб, 2018 йилда эса 25 та уй таъмирдан чиқариш режалаштирилган ва 6 нафар аҳоли саломатлиги тикланиб, аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб 70 нафар эҳтиёжманд оилаларга газ плита ва газ балонлари берилди.

       Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуслари билан бугун мамлакат миқёсида аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижасидан оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар амалда баҳраманд бўлмоқдалар. Касаба уюшмалари ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, кўрсатилаётган амалий ёрдамларнинг энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларга манзилли етказилишини таъминламоқдалар. Бу тоифадаги оилаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ижтимоий-маиший турмуш шароитлари сифатини ошириш, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек уларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

  -Мазкур хайрли ишларнинг дастлабки босқичида саломатлигини мустаҳкамлашда ёрдамга муҳтож инсонларга амалий ёрдам кўрсатилаётган бўлса, эндиги навбатда эҳтиёжманд оилаларни кундалик турмушда зарур маиший-техника жиҳозлари билан таъминлаш ишларини бошладик, — деди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Шаҳноза Одилхонова -.

      Алоҳида таъкидлаш зарурки, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан республикамиз ҳудудларидаги олис қишлоқ ва овулларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилмоқда ва мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқда. Эзгуликка йўғрилган мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда.

Print Friendly, PDF & Email