Ишчи-хизматчилар ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватланмоқда

Yangiliklar

Жамият тизимида меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш юзасидан 2014 йилнинг 23 октябрида уч томонлама, яъни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва “Ўзбекэнерго” Акциядорлик Жамияти томонидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланган бўлиб, 2015 йилда ушбу қабул қилинган режани бажариш йўлида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Президентимиз томонидан 2015 йилни “Кексаларни эъзозлаш йили” деб, эълон қилинганидан сўнг, “Ўзбеккўмир” АЖ маъмурияти ва Бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг қўшма тадбири ишлаб чиқилди ва тасдиқланди. Бажариладиган ишлар филиаллар ва унитар корхоналар ишчи-ходимлари ўртасида Давлат Дастурининг моҳияти ва унинг аҳамияти тўғрисидаги тушунтириш ишларидан бошланди. Кейинчалик, меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар, ёлғиз қолган кариялар, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг ҳолидан хабар олиш ишлари давом эттирилди.

 “Ватан остонадан бошланади”, — дейдилар кўпни кўрган доно қарияларимиз. Шу сабабли, Ватанимиз тинчлигини таъминлаш учун ҳизматда бўлган 100 нафарга яқин собиқ аскарларимизни 14 январь – “Ватан ҳимоячилари куни”да йиғиб, уларга байрам табриги ва бир пиёла иссиқ чой устида суҳбат қуриш, кам таъминланганларига озиқ-овқатлар тўпламларини бериш тадбирлари ўтказилди. Бу ўтказилган тадбирлар улар оила аъзоларини, яъни ўсиб келаётган ёш авлодни Ватанга муносиб инсон қилиб тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.

Оилаларнинг бузилиб кетишига йўл қўймаслик, болаларнинг тарбиясига бошидан аҳамият бериш, уларни вояга етказиб мутахассислиги бўйича иш билан таъминлаш бизнинг катта вазифамиздир. Олий ўқув юртларини, касб-ҳунар коллежларини тамомлаб, уч томонлама шартнома асосида хар йили Жамиятга янги ишга қабул қилинаётган ёшларимиз “Устоз-шогирд” тизими бўйича малакали мутахассисларга бириктириб борилмоқда.

8 март – “Ҳалқаро хотин-қизлар куни”да 100 нафардан ортиқ филиаллар ва унитар корхоналарда ишлайдиган хотин-қизларга байрам тадбири ўтказилди. Ушбу тадбирга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Хожиакбар Хамидов таклиф қилинди. Тадбир қатнашиларига эсдалик совғалари берилди ва жамоа шартномасига асосан уларнинг ҳар бири пул маблағи билан тақдирландилар.

Тизимда меҳнат қилаётган ишчи-хизматчилар иштирокида “Навруз”, “Хотира ва қадрлаш куни” байрамлари арафасида кўчаларда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди.

Тизимда ишлаб, бугунги кунда нафақада бўлган, ёлғиз қарияларга, боқувчисини йўқотган 220 нафардан кўп оилаларга озиқ-овқат тўпламлари тарқатилди.

Оилаларнинг мустаҳкам, оила аъзоларининг жисмонан бақувват бўлишлари учун ўтказилган спорт мусобақалари, яъни “Соғлом оила – жамият таянчи” шиори остида ўтказилган спорт ўйинларига катта аҳамият берилди. 2015 йилнинг май ойида “Ўзбеккўмир” АЖ филиаллари ва унитар корхоналари ўртасида ўтказилган спартакиадада ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш мақсадида корхоналарга спорт анжомлари олиб берилди, ғолиблар ўз навбатида совғалар билан тақдирландилар. Умумжамоа ҳисобида ғолиб бўлган филиаллар жамоалари аъзоларидан иборат бўлган спортчилар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалар болалари Тошкент шаҳрига бир кунлик саёҳатга жўнатилди.

Шунингдек, жорий йилнинг август-сентябрь ойларида тизимда ишлаб, нафақага чиққан 80 нафардан ортиқ пенсионерларимиз учун юртимизнинг тарихий обидалари жойлашган шаҳарларга саёҳатлар уюштирилди.

“Кексаларни эъзозлаш йили”да янги оила қурган ёшлар ўртасида “Ҳаёт сабоқлари” шиори остида тизимда кўп йиллардан бери меҳнат қилиб келаётган, ҳурмат ва эътиборга сазовор фахрийлар, уларнинг оила аъзолари иштирокида учрашув ва суҳбатлар ўтказилди.

Турмушга чиқмаган ёш қизларимиз ўртасида шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, масжид имомлари иштирокида ўзбек ҳалқининг урф-одатлари, янги ҳаёт қуриш йўллари, ёш келинларнинг бошқа оилаларда ўзларини тутишлари, ота-она ҳурмати, оилани асраш йўллари мавзуларида суҳбатлар мунтазам ўтказиб борилмоқда.

Жамият тизимида меҳнат қилаётган ишчи-хизматчиларни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий масалаларни ҳал қилиш юзасидан 2015 йил давомида Маъмурият ва Бирлашган касаба уюшмаси қўмитасининг ташаббуси орқали филиаллардаги мавжуд ювиниш хоналарида таъмирлаш ишлари бажарилди, мавжуд тиббиёт пунктлари дори-дармонлар билан таъминлаб борилди. Филиаллардаги мавжуд савдо шохобчалари ҳам таъмирланиб, “Ўзбексавдо” Акциядорлик Жамияти орқали барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериб турилди.

Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан 300 нафар ишчиларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун хар бирига 100 000,0 сўмдан маблағ ажратилди.

Жамоа шартномасига асосан 2015 йилнинг июль-декабрь ойларида шаҳардаги марказий иситиш тизимига уланмаган оилаларга қиш мавсумини беталофат ўтказишлари учун 3,0 тоннадан кўмир ёқилғиси берилди.

Филиаллар ишчи-хизматчиларига йил давомида гўшт, балиқ, тухум, картошка, пиёз, сабзи ва бошқа қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етказиб бериш ишлари касаба уюшмасининг доимий назоратида бўлди.

2015 йил давомида 200 нафардан ортиқ оилалар, ёшлар ва меҳнат фахрийлари учун Республикамизнинг Мустақиллик даврида эришган ютуқларимизни, барпо этилган иншоатларни кўрсатиш ва тарихий обидалар жойлашган манзилларни зиёрат қилиш мақсадида Тошкент, Бухоро, Самарканд шаҳарларига саёҳатлар уюштирилди. Ишчи-ходимларнинг фарзандлари учун шаҳардаги А.Навоий номидаги истироҳат боғи аттракционларига чипталар харид қилиб берилди.

Қилинган мурожаатлар асосида ишчи-хизматчиларга моддий ёрдамлар кўрсатилди, соғликларини тиклаш учун санаторийларга йўлланмалар бериб борилди.

“Ўзбеккўмир” АЖ қарамоғидаги “Коинот” болаларни соғломлаштириш оромгоҳида 930 нафардан ортиқ ишчи-хизматчиларнинг фарзандлари соғломлаштирилда. Оромгоҳ учун Ўзбекистон энергетика ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан телевизор ва компьютер ҳамда Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан кинопроектор харид қилиниб, оромгоҳга ҳадя этилди.

Белгиланган вазифаларни бажарилишини таъминлаш мақсадида Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси томонидан филиалларда турли мавзуларда маънавият соатлари ўтказиб борилди. Маънавият соатларида Президентимизнинг “Бизга тинчлик ва омонлик керак” деган эзгу даъватини амалга ошириш, “Беғамлик ва бепарволикка йўл қўймасдан, ҳушёрлик ва уйғоқлик билан яшашни ҳаётни ўзи барчамиздан талаб қилмоқда” талаблари долзарб вазифа қилиб белгиланди.

Юқоридаги ишларимизни келгусида кучайтириш, уларни мазмун ва моҳияти жиҳатидан савиясини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII Қурултойи ва Федерация Кенгаши Раёсатининг I-мажлиси қарорлари, бирлашманинг 2015 йил давомидаги фаолияти якунлари ҳамда 2016 йилдаги устувор йўналишларида белгиланган вазифалар, тузилган иш режаларининг бажарилишини таъминлаш, ишчи-ходимларимизни ижтимоий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш, хавфсиз иш жойларини ташкил қилиш, қабул қилинган жамоа шартномасининг бандларини бажарилишига эришиш олдимиздаги энг долзарб вазифалар бўлиб қолади.

“Ўзбеккўмир” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси А.Қаюмов, Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши бўлим мудири Р.Раҳманов

Print Friendly, PDF & Email