Тошкент вилоятининг Чиноз туманида “СHINZARA TEXTILЕ” ҳамда “FURAN TEXTILЕ” тикувчилик корхоналари ишга туширилди.

Viloyat yangiliklari

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3182-сонли қарорига асосан, ҳудудларни жадал иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, уларнинг табиий, иқтисодий ва инсон салоҳиятидан самарали фойдаланиш, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш ва ер майдонларидан оқилона фойдаланиш, тадбиркорлик субъектларига амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган.
Қарор ижросини таъминлаш, айниқса туманга инвесторларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида, “2018-2019 йилларда Чиноз туманини комплекс ривожлантириш Дастури” тасдиқланган.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман фаоллари ҳамда корхоналар ишчи-ходимлари иштирок этди.
Мамлакатимизда енгил саноат тармоғини ривожлантириш, тўқимачилик корхоналари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, пахта хом ашёсини қайта ишлашни янада кенгайтириш ва сифатли маҳсулотлар тайёрлашни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Вилоятда бундай замонавий корхоналар барпо этилиши, биринчи навбатда, тикувчилик йўналишидаги фабрикалар томонидан арзон, сифатли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ижобий таъсир кўрсатади. Тасдиқланган Дастур доирасида жорий йил 3-чорагида ишга туширилиши режалаштирилган текстиль маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 2 та корхона муддатидан олдин очилиб ишга туширилди.
“Chinzara Textil” МЧЖ Чиноз шаҳар “Беш капа” МФЙ ҳудудида жойлашган. Корхона лойиҳа ташаббускорининг 3000.0 млн.сўмлик ўз маблағи ҳисобига амалга оширган. Корхонада йилига 2965,0 млн.сўмлик 65 минг дона текстиль трикотаж (спорт кийимлари, майка-шортик) ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 58 дона “BAOYU” дастгоҳлари ўрнатилган. Бунинг натижасида бюджетга 146,0 млн.сўм даромад келиб тушади. Корхонада 2 сменалик иш ташкил этилиб 150 та янги иш ўринлари яратилди.
“Furan Textil” МЧЖ Чиноз шаҳар “Навоий” МФЙ ҳудудида жойлашган. Корхона лойиҳа ташаббускорининг 4800.0 млн.сўмлик ўз маблағи ҳисобига амалга оширилган. Корхонада йилга 320,0 млн.сўмлик 425 минг дона текстиль – трикотаж (болалар кийимлари) ишлаб чиқариш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 150 дона “JUKI” ва “JACK” дастгоҳлари ўрнатилиб 200 та янги иш ўринлари яратилди.
– Ҳар икки корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг асосий қисми экспорт қилинади, – дейди туман ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари Ш.Мамажонов. – Мазкур корхоналарнинг ишга туширилиши тумандаги Бешкапа ҳамда Алишер Навоий номидаги маҳаллалар аҳолисини доимий иш билан таъминлади.
Тадбир давомида иштирокчилар янги корхона фаолияти, ишлаб чиқариш жараёни, ишчиларга яратилган меҳнат ва бошқа ижтимоий шароитлар билан танишди.

Print Friendly, PDF & Email