Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2017 йил 12 сентябрдаги ПҚ-3268 сонли Қарорига мувофиқ мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, турмуш фаровонлиги даражасини ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур Қарор ижросини таъминлаш мақсадида касаба уюшма вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, уларга амалий ёрдам кўсатмоқдалар.
Ана шундай хайрли тадбирлар Тошкент вилоятида ҳам кенг кўламда давом эттирилмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятидаги кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар аниқланиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволи ва маиший шароитларини яхшилаш бўйича тадбирлар дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда. Натижада бугунгача Тошкент вилояти бўйича 22 та шаҳар ва туманларда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 220 та кам таъминланган оиланинг уй-жойларида кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. 2442 та эҳтиёжманд оила эса кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, хусусан кир ювиш машиналари, замонавий газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди. 132 нафар бемор инсонга саломатлигини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатилиб, малакали тиббий ёрдам олиши учун имкониятлар яратиб берилди. Вилоятнинг олис, чекка қишлоқлари, айниқса, табиий газ етиб бормаган ҳудудларида истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларни табиий газ баллонлари ва замонавий газ плиталари билан таъминлаш бўйича ишлаб чиқилган тақсимот дастури асосида эса вилоятдаги 753 та оила замонавий газ плиталари ҳамда газ баллонлари билан таъминланди.
Бундай эзгуликка йўғрилган тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Оққўрғон туманларида ҳам ташкил этилди. Тантанавор тус олган тадбирда мазкур ҳудудларнинг олис қишлоқларида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд инсонларга замонавий газ плиталари билан бирга табиий газ баллонлари топширилди. Давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилиб, мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этилар.
Янгийўл тумани, Кўкаламзор МФЙ да истиқомат қилувчи Дилбар Тўйчибоеванинг қувончи чексиз. Уйининг ички ва ташқи қисмлари таъмирдан чиқарилганлиги учун Давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдор эканлигини қайта-қайта такрорлайди. Мазкур ҳудудда Дилбар опа каби кўп йиллардан бери эҳтиёжмандлик туфайли ҳовли-жойини таъмирлай олмаётган яна ўнлаб оилалар Давлатимиз раҳбарининг оддий одамлар турмуши сифатини оширишга кўрсатаётган юксак эътибори натижасида хонадонларида амалга оширилган таъмирлаш ишларидан беҳад миннатдорлар.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, Президентимиз ташаббуслари билан бугун мамлакат миқёсида аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижасидан бугун оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар амалда баҳраманд бўлмоқдалар.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: