Мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саҳоват муҳитини янада мустаҳкамлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнда касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3268-сонли Қарори ижроси юзасидан касаба уюшмалари томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, вилоятдаги барча туман, шаҳарларда кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ҳамда уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланди.
Мазкур тоифадаги оилалар рўйхати вилоят ҳокимлиги томонидан тасдиқланиб, 2017 ва 2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича манзилли дастур ишлаб чиқилди. Бугунги кунда мазкур дастурга мувофиқ вилоятда бир қатор ишлар амалга оширилди.
Шу мақсадда вилоят Касаба уюшмалари Бирлашма Кенгаши томонидан барча туман, шаҳарларда уй-жой ва маиший шароитини яхшилашга муҳтож бўлган, боқувчисини йўқотган, ногирон оила аъзоларини парваришлаётган эҳтиёжманд оилаларни уй-жой билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, касалманд оила аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари кенг кўламда олиб борилмоқда.
Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, уларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун махсус сертификатлар, дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозларини топширмоқдалар.
Тошкент вилоятидаги 22 та шаҳар ва туманларда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 44 нафар фуқаролар уй-жой билан таъминлаш, 220 та уйлар таъмирдан чиқариш, 2442 та маиший техника, 132 нафар кишига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Ана шундай хайрли тадбирлардан бири Тошкент вилоятининг Тошкент туманида ўтказилди. Вилоят касаба уюшма фаоллари Тошкент тумани, “Хиёбон” маҳалла фуқаролар йиғини Элпарвар кўчаси 99 уйда истиқомат қилувчи Фарход Худайназаровга тиббий муолажалар учун дори-дармонлар тўпламларини манзилли етказиб, моддий ва маънавий кўмак берилди.
— Мамлакатимизда жорий йилда мисли кўрилмаган ўзгаришлар ва янгиланишлар рўй берди. Барчамиз Президентимиз томонидан инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг-кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз, — деди Шахбоз Ибрагимов. – Биз каби эътиборга муҳтож инсонларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибор учун Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтаман. Давлатимиз раҳбарининг бизга кўрсатаётган эътиборидан кўнглим тоғдек юксалди. Чунки мен учун анчадан буён мушкуллик туғдириб келаётган муаммо бир зумдаёқ ҳал бўлди. Оиламиз билан бундан беҳад бахтиёр бўлдик.
Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуслари билан бугун мамлакат миқёсида аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижасидан оддий одамлар, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган оилалар амалда баҳраманд бўлмоқдалар. Касаба уюшмалари ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, кўрсатилаётган амалий ёрдамларнинг энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларга манзилли етказилишини таъминламоқдалар. Бу тоифадаги оилаларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, ижтимоий-маиший турмуш шароитлари сифатини ошириш, давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек уларнинг эртага эмас, бугун яхши яшашини таъминлаш ишларига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан олис қишлоқ ва овулларда истиқомат қилаётган ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилмоқда ва мамлакатимизнинг ҳар бир фуқароси давлатимиз ва ҳукуматимиз эътиборида эканлигини чуқур ҳис этмоқда.
Эзгуликка йўғрилган мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: