Ўзбекистон пахта йиғим-теримида болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйди — ХМТ

Viloyat yangiliklari

Халқаро меҳнат ташкилоти Ўзбекистон пахта йиғим-теримида тизимли равишда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйганини тасдиқлади.

Ўзбекистонда пахта йиғим-теримида тизимли равишда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйилди ва ҳукумат мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклини тўхтатишни мақсад қилган. Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари бунга амин бўлишди, дея хабар қилди БМТ Янгиликлар маркази.

Улар маълумотларига кўра, жамиятда мажбурий меҳнат, айниқса гап болалар ҳақида кетаётган бўлса, тоқатсизлик кайфияти пайдо бўлган. ХТМдан қайд этилишича, жорий йилда пахта ҳосилини териб олиш жумладан фуқаролик жамияти билан шаффофлик ва мулоқот муҳитида кечган.

ХТМ вакиллари бутун мамлакат бўйлаб 3000 нафардан зиёд теримчи, маҳаллий ҳокимият вакиллари, ўқитувчилар ва шифокорлар билан юзма-юз суҳбатлашган. Бундан ташқари, улар яна 1000 кишига қўнғироқ қилишган.

Аниқ бўлишича, ҳукумат пахта йиғим-теримида тизимли равишда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйган ва ушбу ишга одамларни фақатгина кўнгилли равишда жалб қилишга топшириқ берган. Улар пахта йиғим-теримида мактаб ўқувчилари, талабалар, ўқитувчилар ва тиббиёт ходимларини жалб қилишни тақиқлаган. Шу билан биргаликда, жорий йилда ХМТ ва Жаҳон банки тавсияларига кўра пахта териш учун иш ҳақининг кўтарилгани кўнгиллиларнинг кенг жалб қилинишига замин яратган.

Ноябрда Аргентинада бўлиб ўтган болалар меҳнатига чек қўйиш бўйича Глобал анжуманда Ўзбекистон ҳукумати мазкур соҳада фуқаролик жамияти билан ҳамкорлик мажбуриятини олди. Шундан буён фуқаролик жамияти вакиллари билан бир қанча учрашувлар бўлиб ўтди.

Манба: «Газета.uz»

 

Print Friendly, PDF & Email