Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар мавзусидаги давра суҳбати

Yangiliklar

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2017-2019 йиллар учун Бош келишувнинг 55-бандига ва Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши,  Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси ўртасида тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2015-2017 йиллар учун Минтақавий келишувнинг 4.2.-бандига асосан ҳар йили долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммоларини муҳокама қилиш учун касаба уюшма фаоллари ва иш берувчиларнинг ҳокимият, бошқармалар, бўлимлар, идоралар вакиллари иштирокида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусидаги Давра суҳбатларини ўтказиш белгиланган.

Вилоятдаги 22 та туман ва шаҳарларда маҳаллий ҳокимлик, молия бўлимлари, тижорат банклари, бандликка кўмаклашиш марказлари ва бошқа бир қатор ҳамкор идоралар билан касаба уюшмаларининг фаоллари иштирокида 20,21 ва 23 ноябрь кунлари “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра суҳбатлари ўтказилди.

Жойлардаги давра суҳбатларида 1200 нафарга яқин касаба уюшмалари фаолларининг иштироки таъминланиб, касаба уюшмалари ва иш берувчилар томонидан барча даражада ҳал этилиши лозим бўлган 50 дан ортиқ муаммоли масалалар кўтарилиб, айрим муаммолар туман миқёсида ўз ечимини топди.

Бирлашма Кенгаши томонидан жойлардан келиб тушган муаммоли масалалар таҳлил қилиниб, жами кўтарилган 50 дан ортиқ муаммолардан 30 га яқин барча (туман, шаҳар, вилоят ва республика) даражада ҳал этилиши лозим бўлган бир бирига ўхшаш муаммолар кўтарилганлиги маълум бўлди ва ушбу муаммолардан 15 таси вилоят миқёсида ўтказиладиган давра суҳбатига қўйилди.

Вилоят миқёсидаги давра суҳбати 24 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ўқув Марказининг мажлислар залида вилоят касаба уюшмалари фаоллари ва иш берувчиларнинг ҳокимият, бошқармалар, идоралар вакиллари иштирокида ўтказилди.

Давра суҳбатида 65 нафар вилоятдаги турли соҳа касаба уюшмалари фаоллари ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши (М.Исаев), Тошкент вилоят ҳокимлиги (У.Аманов), вилоят Марказий банки Бош бошқармаси (А.Абдуллаев), вилоят Молия бошқармаси (А.Шамсиддинов), вилоят Адлия бошқармаси (З.Жабборов), вилоят Прокуратураси (Ф.Темиров),  вилоят Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси (А.Зокиров), вилоят Давлат солиқ бошқармаси (Ш.Ҳайтматов), Омбудсманнинг минтақавий вакили ўринбосари (Н.Умрзакова), вилоят Савдо-саноат палатаси (Л.Хўжанова),  вилоят Бандлик Бош бошқармаси (Ж.Ташниязов), вилоят Халқ таълими бошқармаси (Д.Холмурадова), вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси (Р.Ҳакимова), Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерациясининг ҳудудий бирлашмаси (Ш.Қутлимурадов), Ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти кенгаши (Ж.Нажимов) ва Тошкент вилояти Фермерлар кенгаши (У.Хушвақтов) вакиллари иштирок этишди.

Давра суҳбатида иштирок этган вилоят ҳокимлиги бўлим ва бошқармалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари дастурдаги мавзулар юзасидан маъруза қилишди.

Давра суҳбатига тайёргарлик кўриш асносида касаба уюшмалари фаоллари, туман, шаҳар тармоқ тузилмаларидан меҳнат соҳасига оид олинган таклифлар муҳокама қилинди.

Давра суҳбати қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди.

Жумладан вилоят миқёсидаги давра суҳбатига муҳокамага қўйилган 20 та саволдан ташқари иштирокчилар томонидан ҳам мутасадди идоралар вакилларига саволлар берилди ва берилган саволларга вилоят мутасаддилари томонидан ваколатлари доирасида тегишли жавоблар берилди.

Тадбир иштирокчилари давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олиб Тошкент вилояти касаба уюшмалари фаоллари ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги бўлимлари ва бошқармалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусидаги давра суҳбатидаги маърузалари ва фикр-мулоҳазалари эътиборга олинишини ҳамда давра суҳбатида сўзга чиққанларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари умумлаштирилган ҳолда тавсиялар ишлаб чиқилиб тегишли вилоят бошқармалари, идоралар ва касаба уюшмалари ташкилотларига ижро учун юборилишини таъкидладилар.

Print Friendly, PDF & Email