Мустақиллик йилларида жамиятнинг ҳар бир жабҳасини ислоҳ қилишда, тараққиёт ва равнақ ортида шубҳасиз хотин-қизларнинг илғорлиги, фидоийлиги турибди. Ўз навбатида давлат бош ислоҳотчи сифатида аёлларнинг жамиятдаги нуфузи ва ролини оширишда муҳим қадамларни қўйдики, бу кўплаб соҳаларда ўз натижаларини бериб келмоқда. Хусусан, фан ва маданият, спорт ва санъат, тиббиёт каби бир қатор соҳаларда хотин-қизлар қатлами ўз меҳнат ва маҳоратлари билан фаоллик кўрсатиб келаяпти. Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оилани режалаштириш, умуман, аёлларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш асносида бутун бир миллатнинг ёруғ келажаги яратилмоқда, десак муболаға бўлмайди.
Куни-кеча Олмалиқ кон-металлургия комбинати Касаба уюшмаси Кенгаши Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси ташаббуси билан бўлиб ўтган тадбир ҳам хотин-қизлар ҳаётига доир муҳим масалаларни қамраб олгани билан диққатга молик бўлди.
“Кузнинг сержило мўъжизалари” кўргазмаси билан бошланган тадбир саррин бу фаслнинг бутун зийнатини, фусункор табиатини намойиш этди. Шундан сўнг “Касаба уюшмаси — хотин-қизларга” акциясининг очилишида Касаба уюшмаси Кенгаши раиси ўринбосари Камол Ҳасанбоев сўзга чиқиб, комбинатда меҳнат қилиб келаётган хотин-қизлар ҳамда улар билан яқиндан иш олиб бораётган хотин-қизлар комиссиялари фаолиятига тўхталиб ўтди. Юртбошимизнинг устувор қарорлари ижроси сифатида шаҳримизда хотин-қизлар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ҳақида Олмалиқ шаҳар ҳокимининг хотин-қизлар билан ишлаш бўйича ўринбосари З.Хилватуллаева, шаҳар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш идораси мудири Д.Алимова, Тошкент вилояти касаба уюшмалари бирлашмаси Кенгашининг хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси раиси Р.Газиева ҳамда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси Л.Туриковалар ўз маърузалари билан иштирок этишди. Халқаро ва миллий меҳнат стандартлари бўйича турли қизиқарли интерфаол ўйинларнинг ташкил этилиши мазкур тадбирни мазмунан бойитди.
Тақдирлаш маросимида илғор аёллар муносиб равишда эътироф этилдилар.
Дарҳақиқат, аёллар — жамият ҳаётининг гултожидир. Фаранг файласуфларидан бири “Сиз бизга яхши оналарни беринг, биз сизга яхши фарзандларни берамиз”, деганида нақадар хақли эди. Жамиятда ҳар томонлама ҳимояланган, ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётган аёлларгина фарзандига яхши тарбияни бера олади, яхши ва муносиб тарбияланган болаларгина бутун миллат тақдирини яратадиган буюк кучга айланади!
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: