Кам таъминланган оилаларга беғараз ва моддий ёрдамлар миқдори ортади — Президент қарори

Viloyat yangiliklari

12 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3268 сонли қарори қабул қилинди. Қарор матни Президентнинг расмий сайтидаэълон қилинди.

Президент қарорига кўра, бир қатор идора ва ташкилотлар томонидан ишлаб чиқилаётган аҳолининг кам таъминланган қатламини 2017–2018 йилларда ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳудудий манзилли дастурлари маъқулланган.

Ушбу ҳудудий манзилли дастурлар қуйидагиларни назарда тутади:

а) меҳнат билан бандликнинг маълум бир турлари билан шуғулланиш истагида бўлган кам таъминланган оилаларга уларнинг оиласини ўзига етарлилигини таъминловчи микрокредитлар тижорат банкларининг имтиёзли кредитлаш махсус фонди маблағлари ҳисобидан қуйидаги мақсадларга ажратилади:

— тикув машиналари, матолар ва бошқа сарф материаллари, косибчилик фаолияти учун инвентарлар, маиший, компьютер ва бошқа техникалар, шунингдек, меҳнат билан бандликни таъминловчи бошқа асбоб-ускуналар харид қилиш учун;

— шахсий томорқа участкаларини ривожлантириш (мини-иссиқхоналар барпо этиш, чорва моллари, парранда сотиб олиш, оғилхона ва товуқхона қуриш, боғдорчилик инвентарлари ва асбоблари харид қилиш) ва уй жой таъмири учун;

б) оғир уй-жой ва маиший шароитларда яшовчи, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парваришлаётган оилаларга қуйидаги мақсадларда беғараз ёрдам кўрсатилади:

— 2017 ва 2018 йилларда республикада уй-жойи бўлмаган ёки авария ҳолатидаги ва путурдан кетган уй-жойларда яшовчи ҳар бир тумандан 2 та, ҳар бир шаҳардан эса 5 оилага 10 йил мобайнида ихтиёрига олиш ҳуқуқисиз арзон уй-жойлар харид қилишда;

— 2017 ва 2018 йилларда республикадаги туманларнинг ҳар биридан 10 та, шаҳарлардан эса 25 та кам таъминланган оилага тураржой таъмири (томни таъмирлаш, янги пол ўрнатиш, деразаларни алмаштириш ва ш.к.) ўтказишда;

— республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳаридан 70 тадан оилага ҳар йили маиший техника (газ ва электр печлар, музлаткичлар, тикув машиналари ва ш.к.) ёки бир бош йирик шохли қорамол харид қилишда;

— республиканинг ҳар бир тумани ва шаҳарида оғир касали мавжуд, даволатиш учун тўлов қилишда маблағи йўқлиги аниқланган ўртача 6 тагача кам таъминланган оилага тиббий хизматларини тўлашда.

Президент Қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошида Жамоатчилик ишлари фонди тузилади.

Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда мамлакатнинг барча ҳудудларидаги, айниқса қишлоқ жойлар ва чекка ҳудудлардаги меҳнат билан банд бўлмаган фуқароларини аҳоли пунктларини, маҳаллаларни,  ободонлаштириш бўйича жамоат ишларига — ариқларни ва ирригация тармоқларини тозалашга, тураржой-коммунал хўжалик объектларини таъмирлашга, инфартузилмани яхшилашга, йўллар ва кўчалар, тураржой фонди ва унга ёндош ҳудудларни объектларини таъмирлашга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишларига кенг жалб қилиш борасида чора-тадбирлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланмоқда.

Аҳолининг банд бўлмаган қатламини меҳнатга жалб қилиш 2017 йилнинг 1 октябридан Қорқалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг биттадан туманида тажриба тариқасида, 2018 йилнинг 1 январидан босқичма-босқич республиканинг барча туманларида амалга оширилади.

Ўрнатилаётган тартибга кўра,

— жамоат ишларига жалб қилинган жисмоний шахслар уларнинг Жамоатчилик ишлари фонди маблағларидан олган даромади жисмоний шахсларнинг даромадидан тўланадиган солиқдан озод қилинади;

— жамоат ишларига жалб қилинаётган жисмоний шахсларнинг Жамоатчилик ишлари фонди маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган меҳнат ҳақи ягона ижтимоий тўловга тортилмайди;

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари ва молия вазирликларига 2017–2018 йилларда 14 ёшгача фарзандлари бўлган оилаларга ёрдам пули ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам бериш кўринишида кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш учун бюджет маблағларини кўпайтириш, ёрдам пуллари олувчи контингентни мос равишда 1,5 ва 2 баробар кенгайтиришни таъминлаш вазифаси топширилган.

Ўзбекистон Республикаси молия вазирлигига 14 ёшгача фарзанд тарбиялаётган оилаларга ёрдам пули ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлашни молиялаштириш учун қўшимча бюджет маблағлари ажратиш вазифаси топширилмоқда.

манба: kun.uz

Print Friendly, PDF & Email