Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчилари Тошкент вилояти форуми

Yangiliklar

2017 йил ёзги болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш мавсуми якунлари бўйича Болаларни дам олдириш ва соғломлаштириш ташкилотчилари Тошкент вилояти Форуми 2017 йилнинг 8 сентябрь куни Олмалиқ шаҳридаги “Металлург” маданият саройида ташкил этилди. Мамлакатимиз мустақиллигининг илк кунлариданоқ баркамол авлодни тарбиялаш масаласига давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида эътибор қаратилиб, ўғил-қизларимизнинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Болаларни ёзги соғломлаштириш йўналишида олиб борилаётган тизимли тадбирлар ҳам ана шундай ишлар сирасига киради. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мазкур йўналишлардаги ишлар янги босқичга кўтарилди.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналиши алоҳида ўрин эгаллаган. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг мазкур устувор йўналишлиши жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.

Таъкидлаш зарурки, бугунги кунда ҳар томонлама баркамол ривожланган авлод тарбияси борасидаги Ўзбекистон тажрибаси нафақат мамлакатимизда, балки халқаро экспертлар ва нуфузли ташкилотлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Зеро, давлат ва жамоат ташкилотларининг саъй-ҳаракатлари ҳамда имкониятларини болаларни сифатли дам олдириш ва соғломлаштиришни таъминлашга ижтимоий шериклик асосида уйғун йўналтириш амалиёти бошқа мамлакатларда учрамайди.

Мазкур йўналишдаги ишлар Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши томонидан болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши ва сифатли соғломлаштирилишини таъминлаш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, болалар соғломлаштириш мавсумини намунали ташкил этиш ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида вилоят бирлашма Кенгаши махсус штаблар фаолияти йўлга қўйилди. Бирлашма Кенгаши томонидан болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти сифати ҳамда самарадорлигини ошириш, ўғил-қизлар ҳордиғини ташкил этиш йўналишидаги ишларни такомиллаштириш ва кўламини кенгайтиришга йўналтирилган янгича ёндошувлар амалга татбиқ этилди.

Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш юзасидан тизимли назорат ва мониторингни таъминлаш бўйича вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳи томонидан оромгоҳларда болалар хавфсизлигини таъминлаш, сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонларни узлуксиз равишда етказиб бериш, оромгоҳларга малакали кадрларни жалб этиш ва оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар амалга оширилди.

Таъкидлаш зарурки, мавсумга тайёргарлик жараёнида бирлашма Кенгаши томонидан ёз мавсуми давомида оромгоҳларда болаларни соғломлаштириш ва дам олдириш ишлари сифатини янада ошириш мақсадида ўқув-услубий семинар ўтказилди. Мазкур семинарда асосий эътибор боллар оромгоҳларида фаолият юритувчи ходимлар ва мутахассисларнинг билим ҳамда кўникмаларини ошириш масаласига қаратилди. Уларга соҳага оид янгиликлар етказилди. Шунингдек, мутахассислар тегишли бошқармалар томонидан янгиланган услубий қўлланма ва тавсиялар, маданий-маърифий ва спорт тадбирларини ўтказиш бўйича ҳамда ёзги соғломлаштириш оромгоҳлари учун тадбирлар сценарийлари тўпламлари билан таъминланди.

Шунингдек, оромгоҳларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларда замонавий шарт-шароитларни яратишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам диққатга сазовор. Манзилли дастур асосида вилоятдаги 3 та оромгоҳда реконструкция ишлари амалга оширилди.

Болалар хавфсизлигини таъминлаш масаласи вилоят Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг доимий эътибор ва назоратида бўлди. Шу мақсадда ҳар бир оромгоҳда ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги, тиббиёт, энергетика, коммунал соҳа ходимларининг туну кун навбатчилиги ўрнатилди.

Болаларнинг овқатланиш рационини бойитиш, уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш борасида ҳам жорий йилда бир қатор янгиликлар жорий қилинди. Хусусан, таомномаларда дармондориларга бой таомлар турлари кўпайтирилди. Оромгоҳларда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига эътибор кучайтирилиб, уларнинг саломатлиги доимий равишда малакали шифокор ва ҳамширалар назоратида бўлади. Шу мақсадда соғломлаштириш масканларидаги тиббиёт хоналари барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозлар, дори-дармонлар, махсус зардоб дори воситалари билан таъминланди.

2017 йилги мавсум давомида Тошкент вилоятда 181 та шаҳар ташқарисидаги ва кундузги оромгоҳ фаолият юритиб, уларда 34 минг 291 нафар болалар соғломлаштирилди. Шундан 21 та стационар оромгоҳда  16 минг 691 нафар, 160 та кундузги оромгоҳда 17 минг 600 нафар болаларни дам олдирилди.

Шунингдек, вилоятдаги корхона, ташкилотларда ўрта махсус касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун 10 та «Меҳнат ва дам олиш» оромгоҳлари ташкил этилди. Унга 1000 га яқин ўқувчилар жалб этилди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилди. Хусусан, давлатимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 1250 нафар болалар Тошкент вилоятининг сўлим ва баҳаво “Бойчечак”, “Меҳржон” оромгоҳларида соғломлаштирилди.

Таъкидлаш зарурки, бугун соғломлаштириш оромгоҳлари нафақат болажонларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича ҳордиқ масканлари, балки уларни жисмоний, интеллектуал ва маънавий ривожлантириш марказларига айланди.

Мавсум давомида ўтказилиши режалаштирлган тадбир ва акциялар ўғил-қизлар маънавиятини юксалтиришга, улар дунёқарашини кенгайтириш ҳамда ватанпарварлик руҳида тарбиялашга йўналтирилган. Ушбу тадбирлар тубдан янгиланган дастурлар асосида ўтказилди. “Мустақиллик менинг тақдиримда”, “Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати”, “Касаба уюшмалари — болаларга” каби акциялар,  ёзувчилар, санъаткорлар, спорт усталари, ёши улуғ инсонлар, уруш ва меҳнат фахрийлари, машҳур кишилар билан учрашувлар ва давра суҳбатлари, маданий тадбирлар шулар жумласидандир.

Анжуманда ёз мавсумида намунали фаолият кўрсатган оромгоҳ ходимлари ўз йўналишлари бўйича вилоят Мувофиқлаштирувчи ишчи гуруҳининг эсдалик совғалари ва дипломлари билан тақдирландилар.

Санъаткорларнинг ҳамда болалар жамоаларининг чиқишлари, оромгоҳлар фаолиятини ёритувчи фото лавҳалар тўгаракда болажонлар томонидан ясалган турли-туман кўргазмалар иштирокчиларда катта  таъсирот қолдирди.

Сирасини айтганда, мамлакатимизда болаларни ёзги соғломлаштириш мавсумига пухта ва уюшқоқлик билан тайёргарлик кўрилди. Бу юртимизнинг эртанги куни бўлган ўғил-қизларимизнинг мароқли ҳордиқ чиқариб, саломатликларини мустаҳкамлаб олишлари, пировардида таътилни мазмунли ўтказишларига замин яратилди. Зеро, шу азиз Ватан ардоғида камолга етган ёш авлод ғамхўрликдан руҳланиб, мамлакатимиз эришаётган ютуқлар салмоғини янада оширишга, унинг халқаро миқёсдаги нуфузини бундан-да юксалтиришга интилиши, шубҳасиз.

 

Print Friendly, PDF & Email