Муаммолар барҳам топмоқда

Yangiliklar

Халқ билан мулоқотда бўлиш, уларни қийнаётган масалаларни атрофлича ўрганиш мақсадида Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши ҳамда Тошкент вилоят бирлашган касаба уюшма қўмитаси томонидан Оҳангарон политехника касб-ҳунар коллежида сайёр халқ қабулхонаси ташкил этилди.

Тадбирда тармоқ Республика кенгаши раис ўринбосари Баҳодир Султонов, Охангарон туман ҳокими ўринбосари Диёр Алимов, тармоқ кенгаши мутахассислари ҳамда қатор мутасадди идора вакиллари иштирок этди.

— Қўшним Клара Тошматова бир йилдан бери қандли диабет билан оғриб келади, деди “Охангарон шифер” корхонаси ишчиси Гавҳар Умрзоқова. — Ёши 54 да бўлгани боис, ҳали пенсияга чиқмаган. Кунора тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга тўғри келаяпти. Аммо нима сабабдандир уни биронта тиббий муассаса ўз ҳисобига олишни, даволашни истамаяпти. Шу масалада ёрдам берсангиз.

Қўшниси учун жон куйдираётган Г.Умрзоқованинг сўзлари ўринли. Ёлғиз яшайдиган аёл бир йил давомида касалликдан муттасил азият чекиб келсаю, унга ҳеч ким эътибор қилмаса!

Тадбирда фуқаролар томонидан 10 дан ортиқ оғзаки ва 20 га яқин ёзма мурожаатлар қабул қилинди. Уларнинг аксарияти туман ҳокими ўринбосари Диёр Алимов ва тегишли мутасаддилар томонидан жойида ҳал этилди, баъзилари тегишли муассасаларга тақдим этилиши маълум қилинди.

— Бугунги семинар одамлар муаммоларига барҳам бериш, йиғилиб қолган саволларга жавоб олишга хизмат қилаётгани қувонарлидир, — деди тармоқ бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси Жаҳонгир Алиқулов. — Бундай тадбирларни вилоятнинг Ангрен, Бўка, Чирчиқ ҳудудларида ҳам ўтказиш режалаштирган.

Муҳими, кўплаб муаммолар жойида ҳал қилинди. Одамларнинг касаба уюшмаларига ишончи янада ортди.

Print Friendly, PDF & Email