“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!”

Yangiliklar

Республикамиз Мустақиллигининг 26 йиллиги олдидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан диёримизнинг турли ҳудудларида “Фидойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистон!” мавзуидаги маданий-маънавий тадбирлар ўтказилмоқда. Байрам арафасида “Касаба сайр” шўъба корхонаси билан биргаликда Хива ҳамда Самарқанд шаҳрига Тошкент вилоятидан 100 дан ортиқ кексаларни саёҳати уюштирилди.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин” шиори остида Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар, ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийлари касаба уюшма ташкилотлари томонидан моддий қўллаб-қувватланмоқда. “Касаба уюшмалари – ҳарбийларга” акцияси доирасида мустақилликни мустаҳкамлаш йилларида хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлган 17 нафар ҳарбий хизматчилар ходимлари оилаларига моддий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, ҳалок бўлган 65 нафар Ички ишлар ходимларининг фарзандлари учун мактаб ўқув анжомлари олиб берилди.

Тошкент вилоятининг Қибрай туманида 2017 йилнинг 25 август куни  “Дўрмон” маданият саройида ташкил этилган тадбирда ташкилотчилар мамлакатимизда истиқлол йилларида амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари халқимиз турмуши ободлигини янада ошириш, шаҳару қишлоқларимизни янада ривожлантириш, кўркамлаштириш каби эзгу мақсадларга хизмат қилаётгани тўғрисида сўз юритдилар. Айниқса, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилаётган тараққиёт йўли бугун амалда ўзини тўла оқлаганини ҳар бир соҳадаги муваффақиятларимиз кўрсатиб турганлиги алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз томонидан хотин-қизларга эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, уларни ижтимоий-иқтисодий муҳофазасини янада кучайтириш ва тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш борасида олиб борилаётган ишлар эътироф этилди.

Шу билан бирга ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, бугун Ўзбекистон ёшларининг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай вояга етаётгани, уларнинг интеллектуал ва маънавий даражаси тараққий топган давлатлардаги тенгдошлариникидан ортиқ бўлса ортиқки, аммо, кам эмаслиги таъкидланди. Мазкур йўналишлардаги ишларнинг барчаси мамлакатимизда давлатимиз раҳбари бошчилигида инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир.

Бугун касаба уюшмалари ҳам бу борадаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида кўп қиррали ишларни амалга оширмоқдалар. Хусусан, ёш мутахассислар, хотин-қизларни ва жисмоний имконияти чекланган инсонларни, ижтимоий ҳимояталаб оилаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиҳатгоҳларда соғломлаштириш, фарзандларини ёзги соғломлаштириш оромгоҳларига жалб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан Тошкент вилоятидаги 175 нафар чекка қишлоқ туманларида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оила аёлларига электр-маиший техника жиҳозлари топширилди. 6 нафар аёлга касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларга бепул йўлланмалар берилди. Шунингдек Ватан олдидаги хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган 17 нафар ҳарбий хизматчилар оилаларига моддий ёрдам ёрдам кўрсатилди.

Шунингдек, “Касаба уюшмалари – ёшларга” акцияси доирасида Тошкент давлат аграр университетида таҳсил олаётган 21 нафар эҳтиёжманд, иқтидорли талабаларга касаба уюшмаларининг стипендияси берилади. Меҳнат жамоаларида  “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этувчи маданий-маърифий тадбирлар, “маънавият соатлари” ўтказилмоқда .

Тадбир якунида таниқли санъаткорлар ва ёш истеъдодлар иштирокидаги концерт дастури намойиш этилди. Озод ва обод юртимизни тараннум этувчи куй ва қўшиқлар барчага кўтаринки кайфият бахш этди. Иштирокчилар бугунги доруломон кунларга шукроналик келтириб, мамлакатимизда давлатимиз томонидан ҳар бир соҳада яратилаётган кенг имкониятлар учун миннатдорликларини билдирдилар.

Print Friendly, PDF & Email