Олмалиқ шаҳридаги 8-мусиқа мактаби фаоллар залида ташкил этилган ўқитувчиларнинг анъанавий август анжумани бўлиб ўтди. Барча умумтаълим ва мактабгача таълим муассасалари ўқитувчи-педагоглари, мураббийлари иштирок этган мазкур анжуманда ҳар бир ўқув маскани ўзининг ижодий ишларидан иборат кўргазмаларини намойиш қилишди.
Анжуманни шаҳар хокими Мираъзам Миразатович Миркасимов очиб берди. Анжуманга ташриф буюриб, ўқитувчи-мураббийларни мазкур тадбир ҳамда юртимиз мустақиллигининг 26 йиллиги билан қутлаган Тошкент вилояти Халқ таълими бошқармаси мутахассиси Мансур Носиров, шаҳар ҳокими Мираъзам Миразатович Миркасимов ҳамда Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар кенгаши раиси Бобомурод Мусаевлар барча педагогларга ёш авлодга таълим-тарбия беришдек масъулиятли ва шарафли ишларида улкан зафарлар, соғлик-омонлик тилашди. Анжуманда сўзга чиққан Олмалиқ шаҳар Ҳалқ таълими бўлими мудираси Кибриё Маъмировна Ҳамдамова 2016-2017 ўқув йили давомида амалга оширилган ишлар ҳамда янги ўқув йилида бажарилиши лозим бўлган вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Шу ўринда мактабгача таълим муассасалари фаолияти ҳамда уларда меҳнат қилаётган педагог ва мураббийлар меҳнатларига алоҳида тўхталиш лозим. Ҳозирги кунда 312 нафар тарбиячи ва педагоглар фаолият юритаётган бўлса, мактабгача таълим муассасаси малака ошириш курсларининг истиқбол режасига асосланиб, 3 нафар мудира, 25 нафар тарбиячи, 3 нафар махсус мактабгача таълим муассасаси тарбиячилари ва 1 нафар мактабгача таълим муассасаси услубчиси малака ошириш курсларида малакаларини оширишди.
Мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ўртасида ҳам ўз малакаси ва тажрибасини оширишга бўлган иштиёқ юқори эканлигини таъкидлаш зарур. 23-МТМ тарбиячиси Майгурова Елена Петровна “Йил тарбиячиси” танловининг шаҳар босқичида 1-ўринни эгаллаб, вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритган эди. Танловнинг вилоят босқичида “Энг инновацион ва ижодкор тарбиячи” номинациясига эга бўлди.
Анжуман давомида 2016-2017 ўқув йилида “Йил ўқитувчиси” кўрик танлови Республика босқичида 2-ўринни эгаллаган Исроилова Хилола Собиржоновнанинг “Таълим сифати ва самарадорлигини оширишда мен қўллайдиган методлар” деб номланган маърузаси тақдим этилди.
Республикада Баркамол авлод болалар ижодиёт фестевалида 1-ўринни эгаллаган тўгарак рахбари Усмонова Матлуба Адилжоновна, 23-МТМ мудираси Д.Дўсимбетовалар ҳам ўз фаолиятлари юзасидан маърузага чиқишди. Янги ўқув йилида педагоглар жамоасига қабул қилинган ёш мутахассислар қасамёд қабул қилишди. Тадбир сўнгида юксак педагогик маҳоратга эга бир қатор ўқитувчи-педагоглар, тарбиячи-мураббийларга Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Олмалиқ шаҳар кенгаши томонидан 100 дан ортиқ бадий-хуқуқий, адабий китоблар совға қилинди.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: