Ҳар бир бола меҳр ва эътиборда

Viloyat yangiliklari

Мамлакатимизда 1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган «Ҳар бир болага меҳр, эътибор!» шиори остида махсус ҳафталик бошланди. Лойиҳанинг илк тадбири сифатида пойтахтимиздаги «Тошкент-Ленд» истироҳат боғида болалар учун хайрия акцияси ташкил этилди. 

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди, «Sen yolg’iz emassan» Республика жамоатчилик болалар жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган мазкур ҳафталикнинг илк тадбирига пойтахтимиз, Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги Меҳрибонлик уйлари, махсус мактаб-интернатларнинг тарбияланувчилари, алоҳида эҳтиёжли оилаларнинг фарзандлари қамраб олинди.

«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди бошқаруви раиси С.Иномова, «Sen yolg’iz emassan» Республика жамоатчилик болалар жамғармаси директори ўринбосари М.Охунова ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёш авлод тарбиясига улкан эътибор қаратиш, таълимнинг барча бўғинлари сифати ва самарадорлигини ошириш, ўғил-қизлар маънавиятини юксалтириш, айниқса, болаларнинг китобга бўлган меҳри ва қизиқишини кучайтириш юзасидан тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида оилалар, оналик ва болалик манфаатларини ҳимоялаш, тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, мактабгача тарбия масканлари ишини замон руҳига мос ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш юзасидан кенг қамровли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар ўғил-қизларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий анъана ва қадриятларимизга ҳурмат руҳини мустаҳкам қарор топтириши шубҳасиз.

«Ҳар бир болага меҳр, эътибор!» махсус ҳафталиги доирасида ранг-баранг ва қизиқарли тадбирлар, танловлар, бадиий кўргазмалар, театрлар, истироҳат боғларига саёҳатлар, спорт мусобақалари, концертлар ўтказилиши кўзда тутилган.

– Бу сўлим масканга ҳар йили болаларни олиб келамиз, – дейди Гулистон шаҳридаги «Болалар шаҳарчаси» директори Покиза Аҳмаджонова. – Юртимиздаги барча болалар каби бизнинг тарбия муассасамиздаги болалар учун ҳам ҳамма шароит яратилган. Таътил даврида спорт, бадиий ижодиёт тўгараклари фаолияти кенг йўлга қўйилади. Болажонлар «Сирдарё» ва «Меҳрибонлик» оромгоҳларида дам олиши кўзда тутилган.

Хайрия акцияси доирасида боғдаги барча аттракционлар болаларга бепул хизмат кўрсатди. Кичкинтойларга совғалар улашилди.

Назокат Усмонова, Оқил Ғуломов, Отабек Мирсоатов (сурат), ЎзА

Print Friendly, PDF & Email