ЯРАШИБДИ БЎЙЛАРИНГИЗ, ҚУТЛУҒ БЎЛСИН ТЎЙЛАРИНГИЗ

Yangiliklar

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлашни кучайтириш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағри­кенг­лик ва хайр-саховат муҳитини янада мус­таҳкамлаш мақсадида юртимизнинг барча ҳудудларида ҳайрия никоҳ тўйлари ўтказилмоқда.

Жорий йилнинг 2 май куни Ўрта Чирчиқ туманидаги “Хумо” тўйхонасида Юқори Чирчиқ, Оққўрғон, Ўрта Чирчиқ, Паркент туманларидан 8 жуфт келин-куёвнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди.

Ранг-баранг гуллар билан миллий қадриятларимизга хос безатилган тўйхонага юз-кўзларида бахтиёрлик балқиб турган келин-куёвлар карнай-сурнай садолари остида кириб келади. Уларга термулиб турган ота-оналарнинг кўзларида қувонч ёшлари қалқади. Келин-куёвларнинг оналари номидан Баҳорой ая Султонова сўз олиб, ёшларга эзгу тилак йўллайди ва ­дуога қўл очганча даврага йиғилган барчанинг жўшиб турган қалбидаги изҳорни айтгандек бўладилар…

Жуфти ҳалоли билан илк бор халқ олдида кўриниш бергани учунми, ҳаё ва ибога тўла кўзларини ерга қадаганча сукут сақлаб турган келинчак, севиклиси ёнида мағрур туриб, қалбида туғилаётган олам-олам орзуларга бўйлаётган куёв онаизорнинг сўзларига сомеъ бўлади. Чор тарафдан эзгу тилаклар ёғилади: «Илоҳим, қўшганингиз билан қўша қаринг», «Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо, ҳаётимиз янада фаровон бўлсин», «Бундай эзгу ишлар бошида турганларнинг умрлари узоқ бўлсин». Шу тариқа давра гурунги Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида ёш­ларнинг бахтиёр ва фаровон яшаши учун замонавий шароит яратиш, ҳаётда муносиб ўрин топишига алоҳида эътибор қаратилаётганига уланади…

Ёш келин-куёвларга Президент совғаси – замонавий ётоқхона мебеллари тўплами, никоҳ узуги ва сарполар топширилди.

– Ўтган йили бошимизга мусибат тушган – отамиз оламдан ўтган эдилар, – дейди шу куни ўз бахтини топган куёв Эр­ғали Мўминтоевнинг акаси Эрман. – Ҳаёт бир томондан йиғлатса, бир томондан қувнатар экан. Отамиз тўй кунини белгилаб, энди келин тушираман, деган бир пайтда тақдир экан, бу кунларни кўрмай ўтдилар. Аммо, қаранг, укам бугун хурсанд. Чунки, Юрт­бо­ши­миз унга оталик қилаяптилар. «Отадек меҳрибон, ғам­хўр зот топилмайди», дейишади. Мен шу иборани ҳурматли Юрт­бо­ши­мизга нисбатан ҳам айт­гим келади. Ташкилотчилар ёш оила учун нима керак бўлса, ҳаммасини муҳайё қилишди. Ўз фарзандларига бундай эҳтиром кўрсатадиган юрт, давлат раҳбари бошқа жойда бўлмаса керак. Барчаси учун Президентимиздан, ҳукуматимиздан миннатдормиз.

 

 

Print Friendly, PDF & Email