Фаолият сарҳисоб қилинди, вазифалар белгилаб олинди

Yangiliklar

IMG_0531

Тошкент вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг навбатдаги раёсат йиғилиши бўлиб ўтди. Уни бирлашма Кенгаши раиси Шавкат Собиров олиб борди.

Иштирокчилар диққат-эътибори бирлашманинг 2015 йил давомидаги фаолияти якунлари ҳамда 2016 йилдаги устувор йўналишлар ва Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII Қурултойи ва Федерация Кенгаши Раёсатининг I-мажлиси карорларидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари ташкилотларининг келгусидаги вазифаларига қаратилди.

Йиғилишда ҳамкор ташкилотлардан вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш Бош бошқармаси бўлим бошлиғи Бахтиёр Рухитдинов, вилоят Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси бўлим бошлиғи Зохид Осанов ва “Микрокредитбанк” акциядорлик-тижорат банки Тошкент вилояти филиали бўлим бошлиғи Мирзоодил Мўминовлар иштирок этиб, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VII Қурултойида таклиф билдирилган ҳамда делегатлар томонидан қўллаб-қувватланган мустақиллигимизнинг 25 йиллиги муносабати билан ҳар бир туман, шаҳарда касаба уюшмалари томонидан хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида коллеж битирувчилари учун 25 тадан янги иш ўрни яратиш тўғрисидаги масала муҳокамасида коллеж битирувчиларига иш ўринлари яратиш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирди. Бу ўз ўрнида йиғилишда қатнашаётган касаба уюшмаси фаоллари учун мазкур масалада келгусида ишларни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Таъкидланганидек, меҳнаткашлар ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш соҳасида ўтган йил учун белгилаб олинган фаолиятнинг устувор йўналишлари доирасида аниқ мақсадга каратилган ишлар амалга оширилди.

Жумладан, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назорати механизмларидан самарали фойдаланган ҳолда корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнаткашлар учун муносиб меҳнат шароити яратиб берилишини таъминлаш соҳасидаги ишлар тизимли давом эттирилди. Жамоатчилик назорати доирасида касаба уюшма органлари томонидан 583 та корхона ва ташкилотда меҳнат муҳофазаси ҳолати ўрганилиб, аниқланган камчиликларнинг аксариятига чек қўйилди. Иш ўринларини шаҳодатлаш ҳамда ходимларнинг даврий тиббий кўрикдан ўтказилиши устидан жамоатчилик назорати кучайтирилди.

Ҳисобот даврида ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга ҳам катта эътибор қаратилди. Турли даражадаги касаба уюшма органларига фукаролардан тушган 151 та мурожаат кўриб чикилиб, уларнинг асосий қисми қаноатлантирилди.

Ўтган йилда ижтимоий шерикликни янада кучайтириш чоралари кўрилиб, жорий йилнинг 1 январ ҳолатига 7 минг 985 та юридик шахснинг 96 фоизи жамоа-шартномавий муносабатлар билан қамраб олинди. Жамоа шартномалари бажарилишини муҳокама қилиш жараёнида меҳнаткашлар томонидан кўтарилган долзарб масалаларни ижтимоий шериклик асосида ҳал этиш мақсадида бошқарма, ташкилот, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳар бир туман, шаҳар ва вилоят миқёсида давра суҳбатлари ўтказилиб, кўтарилган кўплаб масалалар жойида ечимини топди. Бирлашма кенгаши томонидан ўндан ортиқ давлат, нодавлат ташкилотлари билан қўшма чора-тадбирлар ва битимлар имзоланиб, амалга оширилди.

Касаба уюшмаларига аъзолик афзалликлари юзасидан олиб борилган тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишлари ўз самарасини бераётир. Натижада қарийб 1 минг 690 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган 18,5минг нафардан зиёд аъзоликка жалб этилди.

Ҳисобот даврида меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида миллий қадриятлар мазмун-моҳияти, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, турли акциялар ўтказиш орқали эҳтиёжманд фуқаролар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш йўналишидаги ишлар тизимли олиб борилди. Корхона, ташкилот ва муассасаларда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, давлат дастурлари мазмун ва аҳамиятини меҳнаткашларга, айниқса, ёшларга етказиш мақсадида “Маънавият соатлари”нинг тизимли ўтказилишига эришилаётир.

Эътиборли томони, “Касаба уюшмалари – болаларга”, “Касаба уюшмалари – хотин-қизларга” каби акциялар доирасида “Мурувват” ва “Меҳрибонлик” уйлари, махсус мактаб-интернатларга қимматбаҳо совғалар, чекка туманлардаги қишлоқ мактабларининг 857 нафар 1-синф ўқувчиларига санитар-гигиеник пакетлар топширилди, турли соҳаларда самарали фаолият юритаётган илғор хотин-кизлар рағбатлантирилди.

Раёсат йиғилишида “Кексаларни эъзозлаш йили” Давлат дастурини бажариш, тизим санаторийларида ходимларни соғломлаштириш, ёзги мавсумда болаларни дам олдириш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилгани таъкидланди.

Таҳлилий ва танқидий руҳда ўтган йиғилишда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, чора-тадбирлар белгилаб олинди.

IMG_0524

IMG_0523

IMG_0540

IMG_0536

IMG_0534

IMG_0541

Print Friendly, PDF & Email