2017 йил учун жамоа шартномасининг умумий макети ишлаб чиқилди

Yangiliklar

Амалдаги қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартиришларга ҳамда аъзо ташкилотлар таклифларига асосланган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши бўлимлари томонидан 2017 йил учун жамоа шартномасининг Умумий макети ишлаб чиқилди.

Жамоа шартномасининг мазкур Умумий макети жорий йилда қабул қилинган қонун ҳужжатларига мувофиқ такомиллаштирилганини алоҳида таъкидлаш зарур. Натижада, ушбу локаль ҳужжатнинг ижтимоий таркибий қисми янада кучайтирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг янги тахрирдаги “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни асосида жамоа шартномасининг Умумий макетига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Яъни, касаба уюшмаси қўмитасининг меҳнат муҳофазаси ишларини ташкил этилишини назорат қилиши, ишлаб чиқаришдаги барча бахтсиз ҳодисалар ҳамда касб касалликлари ҳақида ахборот олиши ваколатлари корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланаётган жамоа шартномасида акс эттирилиши лозим.

Шунингдек, касаба уюшмаси қўмитасининг ишларни тўхтатиб туриш, меҳнатни муҳофаза қилишга оид талаблар бузилиши ҳолатларини бартараф этиш тўғрисида иш берувчига таклифлар киритиши, объект ва воситаларни синаш ҳамда фойдаланишга қабул қилиш бўйича комиссиялар ишида иштирок этиши, талаблар билан тегишли органларга мурожаат қилиши, етказилган зарарнинг ўрни қопланиши учун судга мурожаат этиши, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлар бузилганлиги, шунингдек меҳнат шароитларининг ўзгариши билан боғлиқ меҳнат низоларини кўриб чиқишда иштирок этиши мумкинлиги жамоа шартномасининг янгиланган макетида мустаҳкамлаб қўйилди.

Ўзбекистон Республикасининг «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунига киритилган ўзгартишларга биноан эса:

касаба уюшмаси қўмитасининг аҳолини иш билан таъминлаш, меҳнат ва касаба уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига корхонада риоя этилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ваколати;

иш берувчининг ҳар ойда меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг маълум фоизи миқдоридаги маблағни нафақат маданий-маърифий ва жисмоний тарбия тадбирлари, балки саёҳатлар ташкил этиш, концертлар, театрларга чипталар ва истироҳат боғларига таклифномалар ҳарид қилиш, моддий ёрдам кўрсатиш, рағбатлантириш, касаба уюшмаси қўмитасининг ходимларига қўшимча ҳақ тўлаш ва ҳоказолар учун касаба уюшмаси қўмитаси ҳисоб рақамига ўтказиш мажбурияти;

иш берувчи қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш тўғрисидаги касаба уюшмасининг тақдимномаларини кўриб чиқиши ва кўриб чиқиш натижалари ҳақида касаба уюшмасига ўн беш кунлик муддат ичида хабар бериши лозимлиги;

касаба уюшмаси қўмитаси юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтгани ёки ўтмаганидан қатъий назар, иш берувчи билан жамоа музокараларини олиб боришда ва жамоа шартномасини тузишда устувор ҳуқуққа эгалиги, унинг бажарилиши юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириши жамоа шартномаларига киритилиши мақсадга мувофиқдир.

Иш берувчи жамоа шартномаси шартларини бузувчи қарор қабул қилган тақдирда, касаба уюшмаси қўмитаси ушбу қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритишга ҳақлилиги, бу тақдимнома бир ҳафталик муддатда кўриб чиқилиши талаби ҳам жамоа шартномасида акс эттирилиши керак.

Иш берувчи касаба уюшмаси органларига сайланиб, ишлаб чиқариш фаолиятидан озод этилган шахсларга уларнинг ваколат муддатлари тугаганидан сўнг аввалги ёки шунга тенг иш берилишини таъминлаш учун бундай ходимларнинг бўшаб қолган иш ўринларига янги ходимларни фақатгина муайян муддатга тузилган меҳнат шартномаларига биноан ишга қабул қилиш мажбуриятини олиши мақсадга мувофиқдир.

Касаба уюшмаси органларига сайланиб, ишлаб чиқариш фаолиятидан озод қилинмаган меҳнаткашлар вакилларига интизомий жазо чораларини қўллаш, улар билан иш берувчи ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш амаллари тегишли касаба уюшмаси органининг розилигини олиб амалга оширилиши мумкинлиги жамоа шартномасига киритилиши лозим.

Касаба уюшмалари Федерациясига аъзо ташкилотлардан олинган таклифларга биноан жамоа шартномаларига қуйидаги янги меъёрлар ҳам киритилиши мақсадга мувофиқ:

жамоа шартномасининг ўриндошларга ҳам татбиқ этилиши;

касаба уюшмаси қўмитаси вакилларининг ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари билан боғлиқ қарорлар қабул қилувчи комиссиялар таркибига киритилиши;

кўп йиллар ишлаб нафақага чиққан ходимларни бир йилда бир маротаба бепул тиббий кўрикдан ўтишларини ташкил этиш;

иш берувчи, коллеж, битирувчилар ва ҳокимлар ўртасида тузиладиган тўрт томонлама шартнома шартлари бажарилиши устидан касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати ўрнатилиши;

иш берувчининг касаба уюшмаси аъзолик бадалларини корхона бухгалтерияси орқали ушлаб қолинишини ҳамда пул ўтказиш йўли билан ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда касаба уюшма ташкилотига ўтказилишини таъминлашдаги масъулиятини ошириш.

Халқаро меҳнат меъёрларига тўлиқ риоя этиш мақсадида макетга шунингдек илк бор “Корхона шаънига путур етказиш қалтисликлари” тушунчаси киритилди ва корхонага хомашё, материаллар ва бутловчи қисмлар етказиб бериш тизимларида меҳнат соҳасидаги асоссолувчи тамойиллар ва ҳуқуқлар тан олиниши чораларини кўриш борасида иш берувчи ва касаба уюшмасига масъулият юкланди.

Жамоа шартномаси Умумий макетининг тўлиқ матни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси веб-Порталининг «Интерактив хизматлар» бўлимида жойлаштирилган.

Манба: kasaba.uz

Print Friendly, PDF & Email