Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан маданий-маърифий тадбир ўтказилди

Янгиликлар

Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ҳамда Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида 2016 йилнинг 27 декабрь куни “Ўзбекгеофизика” акциядорлик жамиятида Ўзбекистон қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан “Эркин Воҳидовнинг миллий меросини маънавиятимиз ривожидаги ўрни” мавзусида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 7 декабрдаги “Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори адабиёт ихлосмандлари, шоир ва ёзувчилар, кенг жамоатчилик томонидан катта мамнуният билан кутиб олинди.

Шу муносабат билан Тошкент вилоятининг барча туман, шаҳарларида, корхона ва ташкилотларида шоир ижодий меросини тарғиб этиш мақсадида ҳамда ёшлар маънавитини юксалтириш қаратилган маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

Мамлакатимизда инсон қалбидаги нозик туйғуларни, халқимизга хос орият ва ғурурни, гўзал шеър ва достонларида юксак маҳорат билан ифодалаган Ўзбекистон Республикаси халқ шоири Эркин Воҳидовнинг китоблари кириб бормаган хонадон бўлмаса керак.

Эркин Воҳидовнинг “Юрак ва ақл”, “Менинг юлдузим”, “Нидо”, “Лирика”, “Ёшлик девони”, “Чароғбон”, “Достонлар”, “Ҳозирги ёшлар”, “Муҳаббат”, “Тирик сайёралар” каби китоблари, гўзал шеър ҳамда достонлари китобхонларда ажиб туйғуни – Ватанга муҳаббат, халққа садоқат туйғусини уйғотади.

Эркин Воҳидов буюк таржимон ҳамдир. У ўзбек шеърият ихлосмандларини хориж адабиёти билан кенг танишишларига имкон яратди.

Жамоатчилик вакилларига буюк ўзбек шоири Э.Воҳидовнинг миллий маънавиятимиз ва адабиётимиз ривожида тутган ўрни, ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида, шунингдек, шоирнинг ўзбек адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида етарлича маълумотлар бериш орқали шоирнинг босиб ўтган шонли ижод йўли ҳақида ёрқин тасаввур уйготди, – деди вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Ш.Одилхонова.

Тадбирда зиёли олимлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёзувчи шоирлар, санъаткорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Print Friendly, PDF & Email