Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва Тошкент вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши раёсатининг тегишли қарорлари, Бош келишув ҳамда Минтақавий келишувларнинг тегишли бандларига асосан туман касаба уюшмалари фаоллари ва иш берувчиларнинг ҳокимият, бўлимлар, идоралар вакиллари билан касаба уюшмалари тизимида “Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар” мавзусида давра суҳбати ташкил қилинди.
Давра суҳбатини ташкил қилишдан мақсад жорий йилда жамоа шартномаларини муҳокама қилиш жараёнида меҳнаткашлардан тушган таклиф ва муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг ечимига доир ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид зарур чора-тадбирларни белгилаш, уларни биргаликда амалга оширишдан иборат.
Шу мақсадда туман касаба уюшмалари фаолларининг ҳокимият, бўлимлар ва идоралар вакиллари иштирокида давра суҳбати жорий йилнинг 15 декабрь куни Бекобод тумани, Зафар шаҳарчасидаги Мусиқа ва санъат мактабининг маданият саройида ўтказилди.
Давра суҳбатида туман касаба уюшмаси фаоллари, тармоқ касаба уюшмалари туман кенгашлари раислари, бирлашма Кенгаши бўлим мудири Р.Раҳманов, туман ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Ё.Мўминова, ОАТБ “Агробанк” Бекобод филиали бошқарувчиси Б.Азизов, туман Молия бўлими мудири Ф.Камолов, туман бандликка маркази раҳбари Ж.Арслонқулов, Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири Г.Шукурова, “Маҳалла” Хайрия жамоат фонди туман бўлими вакили Н.Эгамова, “Камолот” ЁИҲ туман кенгаши раиси С.Эгамбердиев, туман фермерлар кенгаши вакили З.Қорабоевалар иштирок этди.
Давра суҳбатида иштирок этган туман ҳокимлиги бўлимлари, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари дастурдаги мавзулар юзасидан маъруза қилишди.
Давра суҳбатида ижтимоий-меҳнат муносабатларига тааллуқли қонунлардаги янгиликлар, бандлик, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий соҳани ривожлантириш, иш ҳақи ва ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида тўланишини таъминлаш, ташкилотларда ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш йўналишларидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари ҳамда иш берувчилар ўртасида 2017 йил учун тузиладиган жамоа шартномаларига киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар масалалари ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Давра суҳбатига тайёргарлик кўриш асносида касаба уюшмалари фаоллари томонидан меҳнат соҳасига оид олинган таклифлар муҳокама қилинди. Давра суҳбати қизғин баҳс ва мунозараларга бой бўлди.
Жумладан, давра суҳбатига муҳокамага қўйилган саволлардан ташқари иштирокчилар томонидан ҳам мутасадди идоралар вакилларига саволлар берилди ва берилган саволларга туман мутасаддилари томонидан ваколатлари доирасида тегишли жавоблар берилди.
Тадбир иштирокчилари давра суҳбатида билдирилган фикр-мулоҳазалар ва таклифларни инобатга олиб туман миқёсида ечимини топмаган муаммоларни вилоят миқёсидаги давра суҳбатига муҳокама учун юборилишини таъкидладилар.
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: