Хизмат сафарида юрган ходим касал бўлиб қолди. Унга ким касаллик варақаси бериши керак? Унга ушбу ҳолда суткалик пуллар тўланадими?
— Агар хизмат сафарида юрган ходим касал бўлиб қолса, меҳнатга лаёқатсизлик варақасини олиш учун у ўзи амалда турган жойдаги даволаш-профилактика муассасасига мурожаат қилиши керак. Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси бу ерда унга бош шифокор рухсати билан берилади. Беморнинг аҳволи яхшилангач, даволанганлиги тўғрисида амбулатор картасидан кўчирма берилган ҳолда даволаниш учун доимий яшаш жойига юборилади (Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқноманинг 12-банди).
Хизмат сафари даврида ходим вақтинчалик меҳнат қилиш қобилиятини йўқотган ҳолларда унга умумий асосларда турар жой хонасининг ижараси бўйича харажатлар қопланади (у стационар даволанишда бўлган ҳоллар бундан мустасно). Шунингдек унга соғлиғининг ҳолатига кўра зиммасига юклатилган хизмат топшириғини бажариш имкониятига эга бўлмаган барча давр мобайнида ёки ўзининг доимий яшаш жойига қайтгунича, лекин 2 ойдан кўп бўлмаган муддатга суткалик пуллар тўланади. Хизмат сафари вақти учун ишбай ишловчилар учун ўртача иш ҳақи ва қолган тоифадаги ходимлар учун мансаб маоши ёки ставка сақлаб қолинади. Бироқ вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик кунлари хизмат сафари муддатига қўшилмаслиги боис ушбу давр учун касал бўлиб қолган ходимга умумий асосларда вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади (Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисида йўриқноманинг 14-банди)
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: