Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 21 октябрь куни «2017—2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарорни имзолади. Кейинги йилларда қишлоқ жойларда аҳоли учун намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойлар қуриш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганлиги қайд этилсин. Фақат 2009-2016 йиллар даврида қишлоқ жойларда 1308 турар жой массивида умумий майдони 9 573 минг квадрат метр бўлган 69 557 та шинам уй-жой қурилди. Қишлоқлардаги 83,5 мингдан ортиқ оиланинг яшаш шароити яхшиланди.
Кўрилган чора-тадбирлар оилаларни замонавий, сифатли, шинам уй-жой билан таъминлашга, қишлоқда янги муҳандислик-коммуникация, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини шакллантиришга кўмаклашди, қишлоқнинг қиёфасини янги даражага кўтариш ва шу асосда қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражасини яхшилаш ва дунёқарашини ўзгартириш имконини берди.
Шу билан бирга, ушбу соҳани ўрганиш аҳолининг реал эҳтиёжлари ва харид қобилиятини, шунингдек миллий менталитетни ва қишлоқ жойларда яшаш шароитларининг хусусиятларини тўлиқ ҳисобга олиб қурилиш самарадорлигини оширишга йўналтирилган принципиал жиҳатдан янги ёндашувларни ишлаб чиқиш зарурлигини кўрсатди.
Қишлоқ жойларда аҳолининг кенг қатламларини замонавий ва шинам уй-жой билан таъминлаш даражасини тубдан ошириш мақсадида:
1. Қуйидагилар қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:
яшаш учун ижтимоий-маиший шарт-шароитларни яхшилаш, қишлоқ аҳолисининг замонавий, сифатли, шинам, арзон уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш;
қишлоқ жойларда уй-жойлар қуриш учун ажратилган турар жой массивларида муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ва транспорт тармоқларини биргаликда ривожлантириш;
конструктив ва архитектура-режалаштириш ечимларини оптималлаштириш ҳисобига лойиҳа-қидирув ва қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек барпо этилаётган уйлар таннархини пасайтириш;
энергияни тежайдиган материаллар ва асбоб-ускуналарнинг янги турларидан фойдаланишни кенгайтириш;
жойларда қурилиш индустриясини ривожлантириш, пудрат ташкилотларининг қувватларини кўпайтириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;
уй-жой қурилиши учун ажратиладиган ер ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш;
қишлоқ жойларда якка тартибда уй-жой қурилиши учун имтиёзли кредитлар беришнинг фуқаролар учун янада қулай шартларини жорий этиш.
2. Қишлоқ жойларда мавжуд намунавий лойиҳаларга қўшимча равишда арзон уйларнинг қуйидаги янги намуналарини (кейинги ўринларда уйлар деб аталади) жорий этиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин:
хўжалик иморатлари ва обод ҳовлилари бўлган икки, уч қаватли кўп квартирали (2, 3 хонали) уйлар;
аҳоли зич жойлашган туманларда ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,02 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган бир қаватли 2 ва 3 хонали уйлар;
ҳовлидаги иморатлар билан биргаликда майдони 0,04 гектар бўлган ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар.
3. Белгилансинки, уй-жойларнинг янги намуналарини қуриш учун «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки, «Ипотека банк» АТИБ, «Халқ банки» АТБ, «Асака банк» АТБ ва «Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ (кейинги ўринларда иштирок этувчи тижорат банклари деб аталади) уй қурувчиларга 3 йиллик имтиёзли давр ва биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз миқдоридаги фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида 15 йил муддатга ипотека кредитлари берадилар, бунда уй қурувчиларнинг дастлабки бадали қуйидаги миқдорларни ташкил этади:
15 фоиз – икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйлар ва 2, 3 хонали бир қаватли уйлар учун;
25 фоиз – икки қаватли 4 хонали бирлаштирилган уйлар учун.
4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ, иштирок этувчи тижорат банклари ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда ишлаб чиқилган 2017 йилда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури (кейинги ўринларда Дастур деб аталади) маъқуллансин. Дастур қуйидагиларни ўз ичига олади:
2017 йилда намунавий лойиҳаларнинг аниқ турлари бўйича қишлоқ жойларда умумий молиялаштириш ҳажмлари 2 121,5 миллиард сўм бўлган 15,0 мингта арзон, замонавий, шинам уй-жойлар, шу жумладан биринчи тури бўйича – 4 608 та, иккинчи тури бўйича – 3 739 та, учинчи тури бўйича – 3 672 та, қуришнинг йиғма ва асосий параметрлари 1-5-иловаларга мувофиқ;
2017 йилда турар жой массивлари учун муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қуриш бўйича йиғма кўрсаткичлар 6-иловага мувофиқ.
5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар ҳокимларига, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармаси, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ, «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» МЧЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АК, иштирок этувчи тижорат банклари, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар раҳбарларига:
маъқулланган Дастур параметрларига мувофиқ уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қуриш;
қурилиш-монтаж ишлари таннархини пасайтиришга, маҳаллий қурилиш индустриясини барқарор ва мутаносиб ривожлантиришга, пудрат ташкилотларининг салоҳиятини мустаҳкамлашга йўналтирилган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:
иштирок этувчи тижорат банкларининг буюртманомалари бўйича иштирок этувчи тижорат банкларининг маржаси йилига 4 фоиз миқдорида бўлишини ҳисобга олган ҳолда йилига 3 фоизли ставка бўйича 5 йиллик имтиёзли даврни ўз ичига олувчи 15 йил муддатга миллий валютада кредит линиялари очсин, бунда кредит линияси маблағларини Дастур доирасида уйлар қуришга мақсадли йўналтирсин;
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Марказий банк ва иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда Дастурни амалга оширишга халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматларнинг молиялаштирувчи ташкилотларининг имтиёзли узоқ муддатли кредитларини жалб этиш масаласини ишлаб чиқсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, иштирок этувчи тижорат банклари ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ижтимоий тадқиқотлар институти билан биргаликда қишлоқ аҳолисининг уй-жойларнинг ҳар бир намунасига бўлган талабини ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, 2017 йил 1 апрелгача бўлган муддатда Вазирлар Маҳкамасига кейинги йилларда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини амалга ошириш параметрлари юзасидан таклифлар киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан биргаликда 2018-2021 йилларда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурини молиялаштириш миқдорлари ва манбаларини белгиласин, шу жумладан халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматларнинг молиялаштирувчи ташкилотларининг кредит маблағларини жалб этишни назарда тутсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари келгуси йилга Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида ҳар йили белгиланган тартибда:
1 майгача – Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан келишган ҳолда, кейинчалик уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектлари қуриш учун «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖга бериладиган, қишлоқ хўжалиги мақсадидаги ерлар тоифасига ва ўрмон фондига кирмайдиган, ташқи муҳандислик коммуникацияларига уланадиган массивлар рўйхати тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилишини;
1 сентябргача – иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда талабгорлар аниқланишини ва уйлар қуриш учун уларнинг дастлабки бадаллари шакллантирилишини;
1 октябргача – «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ ва Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси билан биргаликда фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида уйлар қуриш учун Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига киритилган пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича танлов савдолари ўтказилишини;
1 ноябргача – «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АК, Республика йўл жамғармаси ва «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ билан биргаликда янгидан қуриладиган қишлоқ турар жой массивларида муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қуриш учун Қурилиш-пудрат ташкилотлари реестрига киритилган пудрат ташкилотларини аниқлаш бўйича танлов савдолари ўтказилишини таъминласинлар.
9. «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида турар жой массивларида сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш бўйича буюртмачи этиб белгилансин.
10. Белгилансинки, турар жой массивларида сув, электр, газ таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш тегишли равишда республика бюджети, «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АК ва Республика йўл жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
11. «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги, иштирок этувчи тижорат банклари ва «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ билан биргаликда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг тавсиялари асосида, ариза берувчи – уй қурувчининг Дастурдаги иштироки тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини бир ой муддатда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида 2022 йил 1 январгача:
пудрат ташкилотлари – «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ билан тузилган шартномалар бўйича фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуриш бўйича ишлар ҳажмлари учун – солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;
субпудрат ташкилотлари – массивларда уйлар, сув таъминоти объектлари ва автомобиль йўллари қуришга «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ билан шартномалар тузган бош пудрат ташкилотлари билан тузилган контрактлар бўйича улар томонидан бажариладиган ишлар ҳажмлари учун – ягона солиқ тўлови тўлашдан;
қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқарувчи ташкилотлар, шунингдек уларни ташийдиган ташкилотлар – фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шартларида уйлар қуриш учун «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖга ва «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ билан шартномалар тузган бош пудрат ташкилотларига қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарни реализация қилиш ва уларни ташиш (жумладан импорт материалларни) ҳажмлари учун қўшилган қиймат солиғи, ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;
«Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ – солиқларнинг барча турларини ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан;
«Қишлоқ қурилиш лойиҳа» МЧЖ – «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ билан тузилган шартномалар бўйича уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва инфратузилма объектлари қуриш бўйича бажарилган лойиҳа-қидирув ишлари ҳажмлари учун – қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;
«Ўзсаноатэкспорт» АЖ – 7-иловага мувофиқ республикада ишлаб чиқарилмайдиган, четдан олиб келинадиган ёғоч-тахта материаллари, томга ёпиладиган металл листлар учун божхона тўловларидан (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно), шунингдек Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича бошқа қурилиш материаллари учун, улар «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖга сотилганда – қўшилган қиймат солиғи тўлашдан;
«Тошкент қишлоқ қурилиш сервис» МЧЖ ва транспорт корхоналари – металл листларни қайта ишлаш ва уларни «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖга етказиб бериш бўйича ишлар ҳажмлари учун – қўшилган қиймат солиғи, ягона солиқ тўлови ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу қарорда назарда тутилган солиқ ва божхона имтиёзларидан тўғри фойдаланилиши устидан қатъий назорат ўрнатсин.
13. Қуйидагиларга истисно тариқасида:
2017 йил 1 мартгача бўлган муддатда – 2, 3 ва 4-иловаларда кўрсатилган уйларнинг қурилиш-монтаж ишларини лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш билан бир вақтда амалга оширишга;
2017 йил 1 январгача фойдаланишга топшириш юзасидан зарур чоралар кўрилган ҳолда 0,02 гектар майдондаги ер участкаларига жойлаштириладиган 26 та икки, уч қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) уйларни ва 130 та бир қаватли 2, 3 хонали уйларни жорий йилда қуришни бошлашга;
8-иловага мувофиқ рўйхат бўйича уйлар қуриш учун бош пудрат ташкилотларига марказлаштирилган тартибда етказиб бериладиган асосий қурилиш материаллари ва асбоб-ускуналарнинг «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ томонидан тендер савдолари ўтказилмасдан энг мақбул таклифлар танлови орқали сотиб олинишига рухсат берилсин.
14. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, «Ўзқурилишматериаллари» АК ва «Ўзметкомбинат» АЖ буюртмачи ва лойиҳалаш ташкилотининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ушбу қарор билан тасдиқланган Дастур доирасида уйлар, муҳандислик-транспорт коммуникациялари ва ижтимоий инфратузилма объектлари учун тартибга солинадиган нархлар бўйича цемент ва металл прокати ажратилишини таъминласинлар.
15. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ, «Қишлоқ қурилиш лойиҳа» МЧЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда Дастурни амалга ошириш доирасида қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши сифати ва лойиҳа ечимлари, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат архитектура-қурилиш, техник ва муаллифлик назоратлари юритилишини таъминласин.
16. Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ ва иштирок этувчи тижорат банклари билан биргаликда Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурининг мақсадлари ва вазифалари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини ташкил этсинлар.
17. «Қишлоқ қурилиш банк» АТБ, «Қишлоқ қурилиш инвест» ИК МЧЖ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида таклиф киритсин.
18. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С.Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.И.Закиров зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти
вазифасини бажарувчи Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2016 йил 21 октябрь
Манба: kun.uz
Сообщить об опечатке
Текст, который будет отправлен нашим редакторам: