Илк турнирнинг илк ғолиби Тошкент вилояти вакиллари

  13-17 сентябр кунлари футбол бўйича 2002-2003 йилларда туғилган (U-17) қизлар ўртасида илк бор Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 28 йиллигига бағишланган мусобақа ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри вакиллари — 14 жамоа 4 гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб борди.
  Ўз гуруҳларида биринчи ўринни қўлга киритган Қашқадарё, Тошкент вилояти, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳри жамоалари ярим финал йўлланмасини қўлга киритишди. Ярим финалда Қашқадарё вилояти қизлар жамоаси Қорақалпоғистон Республикаси вакилларини 7:0 ҳисобида мағлубиятга учратди.
  Иккинчи ярим финалда Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри жамоаси ўзаро куч синашиб, бунда вилоят жамоаси 7:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учинчи ўрин учун ўтказилган учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри жамоалари майдонга тушишди. Ўйин 1:1 ҳисобида якунига етгач, ғолиб пенальтилар серияси орқали аниқлаб олинди. Пенальтилар сериясида Тошкент шаҳри жамоаси 4:3 ҳисобида ғалаба қозонди.
Ниҳоят, мусобақанинг ҳал қилувчи финал ўйини. Майдонда Тошкент ҳамда Қашқадарё вилоятлари жамоалари. Бутун ўйин давомида ташаббусни ўз қўлларига олган пойтахт вилояти вакиллари воҳаликларни йирик — 3:0 ҳисобида мағлубиятга учратиб, илк мусобақанинг илк ғолибига айланди.
  Турнир якунида ғолиб ва совриндорлар ҳамда мусобақанинг энг яхшиларига ЎФА томонидан медаллар, кубок ва совғалар топширилди.

Print Friendly, PDF & Email